Фарғона вилояти Қува туманида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган ҳайдовчи 9 ёшли боланинг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда «Bu kun» дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ҳолат туман ҳудудидан ўтган Д-105 автомобиль йўлининг 182-километрида, бола эрталабки соат 7:30 атрофида мактабга кетаётганида содир бўлган. 21 ёшли ҳайдовчи ўзига ишонч қоғози билан бириктирилган Дамас билан пиёдалар йўлагидан ўтаётган 66-мактабнинг 3-синф ўқувчисини уриб юборган.
Бола биринчи ёрдам кўрсатиш учун туман марказий шифохонасига юборилган. Бироқ кўрилган муолажаларга қарамасдан у шифохонада вафот этган.
«Йўл чеккасидан кетаётгандим. Кейин буёққа ўтдим. Ўтиб кетаётганимда бир машина бу томондан бурилаётган эди. Ана шу машинага қараб пешеходга қарамай қолдим. Кейин битта бола югуриб чиқиб қолди, уриб юбордим», — деган ҳайдовчи.
Ҳолат юзасидан Қува тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.
Ҳозирда айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
