Ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорига кўра, айрим педагог кадрларнинг малака тоифаси (лавозими) бир поғонага оширилади.
Булар:
– Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирланган педагог кадрлар;
– «Устоз» миллий мукофоти ғолиблари;
– Wоrldskills мусобақалари совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотларининг педагог кадрлари;
– республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрлар;
– «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари.
Илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрларга ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрларга аттестацияга жалб этилгунга қадар қуйидаги тартибда малака тоифаси (лавозим) берилади:
– бакалавр даражасига эга педагог кадрларга — мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими;
– магистр даражасига эга мутахассисларга, шунингдек, олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотли педагог кадрларга — иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
– фан номзоди, фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган педагог кадрларга — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).
