Президентнинг жорий йил 5 майдаги 78-сон фармонига кўра, 2025 йил 1 октябрдан Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида давлат хизматидаги раҳбарлар, раҳбарликка номзодлар ва бошқарув кадрлари малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар жорий этилади.
Бунда ўқув режа ва дастурлар давлат хизмати ва бошқарувининг жорий ва истиқболдаги вазифалари асосида ишлаб чиқилиб, 1 ойгача муддатда раҳбарлик билим ва кўникмалари ривожлантирилади.
Мазкур курсларга етакчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, амалий билим ва кўникмаларга эга бўлган тажрибали экспертлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари жалб қилинади.
2026 йил 1 январдан Академияда муддати 6 ойгача бўлган қайта тайёрлаш таълим дастурлари жорий этилади.
2025/2026 ўқув йилидан «Ҳудудларни комплекс ривожлантириш», «Давлат бошқаруви», «Инсон ресурсларини ривожлантириш» магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.
2026/2027 ўқув йилидан:
– «Давлат сиёсати» (Public Policy) ва «Давлат молиясини бошқариш» (Public Finance Management) магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади;
– юқори малакали ва замонавий билимларга эга бошқарув кадрлари захирасини шакллантириб бориш мақсадида амалиётчи бошқарувчилар учун махсус дастурлар (Executive MPA va Executive MBA) жорий этилади;
– магистратура дастурлари хориждаги нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ва модуллар бўйича ташкил этилади.
