20 сентябрь куни Аммон шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев Иордания олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазирининг биринчи ўринбосари, Олий таълим кенгаши директори Шади Ал-Масаъдеҳ билан учрашув ўтказди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, мулоқот давомида Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ ИИ ибн ал-Ҳусайннинг жорий йил август ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунида имзоланган «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларни биргаликда бажариш масаласида келишувга эришилди.
Томонлар таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Жумладан, олий таълим муассасалари ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий дастурларни йўлга қўйиш ва академик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёрлик билдирилди.
Мазкур учрашувда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳам иштирок этди.
