Келгуси ўқув йилидан муҳандислик мактабларига қабул бошланади

Келгуси ўқув йилидан муҳандислик мактабларига қабул бошланади

Президентнинг 2025 йил 8 сентябрдаги «Янги авлод муҳандисларини тайёрлаш ва муҳандислик таълимини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-278-қарори қабул қилинди.

 

Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида «Янги Ўзбекистон» университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик мактаблари ташкил этилади.

 

 

2026-2027-ўқув йилидан бошлаб:

 

 

– мазкур мактабларга ўқувчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш бошланади ҳамда бир синфда ўқувчилар сони 24 нафар, умумий чекланган сони 240 нафар этиб белгиланади;

– биринчи ўқув йилида 7-10-синфларга, иккинчи ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 6-синф битирувчилари орасидан 7-синфга қабул қилинади;

– ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида СТEМ модели бўйича ташкил этилади ҳамда дастлабки 3 йилда физика, математика ва хорижий тил фанларидан, кейинги 2 йилда муҳандислик фанлари бўйича бошланғич тайёргарликка эътибор қаратилади;

– муҳандислик мактабларининг 11-синф ўқувчилари учун икки ойлик мажбурий ишлаб чиқариш амалиёти (стажировка) жорий этилади;

– муҳандислик мактабларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва бошқариш бўйича академик директор лавозими жорий этилади.

 

2026 йил 1 январдан бошлаб:

 

 

– ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Президент соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади;

– танловнинг Республика босқичи ғолиблари учун хорижий давлатларга таълим саёҳати ташкил этилади;

– танловнинг Республика босқичида 1-ўринни эгаллаган мактабга муҳандисликка оид лабораториялар жамланмасини ўз ичига олган Инновацион технопарк ташкил этиш учун 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.