Давлатимиз раҳбари куни кеча соҳа ходимлари билан ўтказган мулоқот тадбирида Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманидаги 37-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Нодира Набиеванинг фаолиятини юксак эътироф этган эди.
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида ушбу ўқитувчи билан учрашди ҳамда унинг педагогик фаолияти билан яқиндан танишди. Устознинг эришган ютуқлари ҳамда ўз касбига бўлган фидойилигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг устоз Нодира Набиевага Президент совғаси — BYD CHAZOR автомобили тантанали тарзда топширилди.
Айтиш лозимки, Нодира Набиева юртимизда «инглизча-ўзбекча сурдо луғат» яратган бўлиб, Германиянинг «Lambert Academic Publishing» нашриётида унинг «Teaching English to deaf students» номли китоби чоп этилган. 8 та тилда таржима қилинган мазкур адабиёт АҚШнинг Галладет университетида ёрдамчи ўқув-услубий қўлланма сифатида фойдаланилмоқда.
Ҳозирга қадар педагогнинг 50 дан ортиқ илмий мақолалари Германия, АҚШ, Франция, Англия, Ҳиндистон, Чехия каби давлатларнинг нуфузли нашрларида чоп этилган.


