Хабарингиз бор, Президентнинг 2025 йил 19 мартдаги ПФ-51-сонли Фармонига кўра, умумтаълим муассасалари ходимларини 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мукофотлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача этиб белгиланган эди.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳозирда 1 271 000 сўм бўлганлиги сабабли мукофот пулининг максимал чегараси 953 250 сўм га тенг бўлади (лекин бу — максимал миқдори, амалда мактаб жамғармасининг ҳолатига қараб камроқ ҳам бўлиши мумкин).
Аммо Меҳнат кодексининг 299-моддасида белгиланишича, интизомий жазо амал қилаётган даврда ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди.
Хусусан, мазкур модданинг бешинчи қисмида:
«Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди», — деб аниқ қайд этилган.
Шу боис, байрамлар, жумладан касб байрамлари ёки юбилейлар муносабати билан бериладиган мукофот пуллари интизомий жазо амал қилаётган даврда ходимларга тўланмайди.
Демак, агар ходимга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган ва у ҳали бекор қилинмаган бўлса, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бериладиган мукофот пули унга берилмайди.
Эслатиб ўтамиз , Меҳнат кодексида белгиланган тартибга мувофиқ, интизомий жазолар, жумладан ҳайфсан, қўлланган кундан эътиборан бир йилдан ошмаган муддатда амал қилади. Агар шу давр ичида ходимга янги жазо чораси қўлланмаса, аввалги жазо муддати тугаган ҳисобланади ва ходим интизомий жазога тортилмаган деб эътироф этилади. Бундан ташқари, иш берувчи ўз ташаббуси билан ёки ходимнинг ўзи, унинг бевосита раҳбари ёки касаба уюшмаси қўмитасининг илтимосига биноан ҳайфсанни муддатидан олдин ҳам бекор қилиши мумкин.
