Косон туман ихтисослаштирилган мактабининг 10-синф ўқувчиси Ҳамдамов Эрали Шерали ўғли 1500 баллик натижа билан Халқаро SAT сертификатига эга бўлди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Ўқувчи, шунингдек, 2025 йил 10 августда IELTS имтиҳонидан 8 баллни қўлга киритган.
SAT (Scholastic Assessment Test) – бу асосан АҚШ ва айрим бошқа давлатларда олий таълим муассасаларига киришда талаб қилинадиган халқаро стандартлаштирилган тест бўлиб, баҳолаш мезони 400-1600 балл шкаласида бўлади.
Имтиҳон тартиби қуйидагича бўлади:
Математика – алгебра, геометрия, статистика ва мантиқий масалалар. Калькулятор билан ва калькуляторсиз қисмларга бўлинади.
Reading (Ўқиш) – матн асосида саволларга жавоб бериш, асосий ғояни тушуниш.
Writing and Language (Ёзув ва тил) – грамматик хатоларни топиш, матнни таҳрирлаш.
Optional Essay – баъзи университетлар иншо ёзишни талаб қилиши мумкин, лекин ҳозир кўпчилик ундан воз кечган.
Умумий вақт: тахминан 3 соат (иншо бўлса, 3 соат 50 дақиқа).
SAT сертификати қандай имкониятлар беради?
АҚШ, Канада ва баъзи Европа университетларига киришда асосий талаб ҳисобланади. Шунингдек, SAT халқаро сертификати турли грант ва стипендия олишда ёрдам беради.
