Президент Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан Мухамедов Шерзод Нурмухамедович ва Сираджев Илхом Тохирович — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари бўлинмаси лойиҳа координаторлари лавозимига тайинланди.
Мухамедов Шерзод Нурмухамедович бунга қадар Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими бош мутахассиси вазифасида ишлаб келаётган эди.
Шерзод Мухамедов 2006-2016 йилларда Ўзбекистон миллий университети қошидаги 2-сон академик лицейида педагог сифатида фаолият юритган. 2016-2017 йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Олмазор тумани Кенгаши раиси, 2017-2019 йилларда Ўзбекистон ёшлар Иттифоқи Олмазор тумани Кенгаши раиси, 2019-2023 йилларда Халқ таълими вазирлиги Прогрессив педагогик технологиялар ва таълим соҳасида янги ташаббусларни жорий этиш шўба мудири, Стратегик таҳлил, прогрессив педагогик технологиялар ва таълим соҳасида янги ташаббусларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи, Стратегик ривожлантириш ва йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи вазифаларида меҳнат қилган.
2017-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси тингловчиси бўлган.
Сираджев Илхом Тохирович эса 2006-2017 йилларда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ўқувчилар техник ижодиёт марказида турли вазифаларда, 2017-2023 йилларда Халқ таълими вазирлиги бош иқтисодчиси, Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғи, Молиявий таҳлил ва режалаштириш бошқармаси бошлиғи, Молия департаменти директори лавозимларида меҳнат қилган.
У дунёдаги қатор давлатлар таълим экспертлари учун Хитойда ташкил этилган «Стратегик режалаштириш, рақамли трансформация, халқаро ҳамкорлик ва самарали бошқарув» йўналишидаги халқаро семинар ҳамда таълимга доир кўплаб халқаро лойиҳалар иштирокчиси.
У педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД), «Таълимда менежментʼʼ йўлиши бўйича доцент илмий унвонига эга.
