Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети доценти, экология соҳасида фаолият юритаётган Гулмира Келдиёрова атроф-муҳитни асраш ва чиқиндилардан самарали фойдаланиш бўйича олиб борган илмий изланишлари натижасида муҳим янгилик яратди.
Олиманинг тадқиқотлари асосан қурилиш саноатида пайдо бўладиган чиқиндиларни қайта ишлаш орқали атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган. У саноат корхоналарида чангни тозалаш учун янги турдаги ускуна ишлаб чиқди. Ҳозирда бу ускуна шифер ва асфальт-бетон ишлаб чиқарувчи заводларда иккинчи босқич тозалаш воситаси сифатида қўлланилмоқда. Мазкур янгиликлари туфайли у 3 та патент ва бир нечта халқаро ҳамда маҳаллий грантларга эга бўлди.
«Сўнгги йилларда қурилиш саноати ривожланиб, ишлаб чиқариш қуввати ортмоқда, — дейди Гулмира Келдиёрова. — Шу билан бирга, чиқиндилар ҳажми ҳам кўпаймоқда. Афсуски, йиғилиб қолаётган чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича самарали лойиҳалар деярли йўқ. Шу сабабли мен олиб борган изланишларда айнан шу чиқиндилардан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор қаратдим», — дейди олима.
Олиманинг таъкидлашича, янги маҳсулотни тайёрлашда сув ва тупроққа эҳтиёж бўлмайди. Энг муҳими, маҳсулот арзон, мустаҳкам ва узоқ муддат фойдаланишга яроқли бўлиб, бозор талаблари учун мосдир.
Янги маҳсулот лабораториялар, ишлаб чиқариш корхоналари ва аёл олималар учун ажратилган грант маблағлари ҳисобидан ташкил этилган устахонада синовдан ўтказилди. Гарчи тадқиқотлар жараёнида айрим шубҳалар, танқидий қарашлар бўлган бўлсада, олима изланишдан тўхтамади. Натижада маҳсулот уч маротаба муваффақиятли синовдан ўтказилиб, патент олиш учун Intelлектуал мулк агентлигига топширилди.
«Маҳсулот патентлангач, корхона ташкил қилиб, ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш ниятидамиз, — дейди Г. Келдиёрова. — Келгусида қурилиш чиқиндиларидан турли хил иккиламчи маҳсулотлар олиш устида ҳам ишлашни давом эттираман. Бу орқали табиий ресурсларни тежаш ва чиқиндисиз технологияларни кенг жорий этиш имконияти юзага келади», — дейди олима.
