Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида раҳбарлик салоҳиятини ошириш мақсадида янги ташаббус – «Ректорлар мактаби» лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа доирасида истиқболли кадрлар саралаб олиниб, улар «Янги Ўзбекистон» университетида махсус тайёргарлик курсларидан ўтказилади.
Саралаш натижаларига кўра, энг яхши 30 нафар номзод Гарвард университети ҳамда бошқа етакчи хорижий таълим марказларида ўқиш имкониятига эга бўлади. Ушбу ташаббус орқали ректор ва проректор лавозимлари учун замонавий менежерлар захираси шакллантирилади.
Шунингдек, педагог кадрларнинг малака ошириш тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинади. Ҳозирги вақтда турли йўналишларда фаолият юритаётган бешта алоҳида тузилма ягона марказлашган тизимга бирлаштирилади. Бу эса такрорланишларни олдини олиб, йилига қарийб 420 миллиард сўм маблағни тежаш имконини беради.
Тежалган маблағлар замонавий методикаларни ишлаб чиқишга, таълим жараёнларини рақамлаштиришга ва педагогларнинг малака оширишига йўналтирилиши режалаштирилган.
