Президент Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишди.
Унга кўра, жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Стипендия бакалавриатнинг 3-4-курслари учун бўлади, ёшларни ўқиш ва илмий изланишларга ундашга қаратилган.
Йиғилишда фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тақдимот қилинди.
Олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий даражали кадрларни тайёрлаш тартиблари такомиллаштирилади. Жумладан, докторантурага ажратилаётган квоталар мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб белгиланади.
Фанлар академиясининг республикада истиқболли илмий йўналишларни ривожлантириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, илмий ишланма натижаларини амалиётга татбиқ этишдаги ўрни кучайтирилади.
