Ўзбекистон–Латвия биринчи таълим форумида қандай келишувларга эришилди?

Ўзбекистон–Латвия биринчи таълим форумида қандай келишувларга эришилди?

4 сентябрь куни Рига шаҳрида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокида «Ўзбекистон–Латвия биринчи таълим форуми» ўтказилди.

 

Мазкур нуфузли анжуманда икки мамлакат Олий таълим вазирликлари масъуллари, шунингдек, 50 га яқин етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

 

Форум икки мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш ҳамда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишга қаратилди.

 

Тадбир давомида 20 дан ортиқ янги ҳамкорлик шартномалари имзоланиши, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида илмий-тадқиқот ва қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилиши, шунингдек транспорт, АКТ, логистика, энергетика, яшил иқтисодиёт, тиббиёт, машинасозлик ва туризм каби долзарб йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди.

 

Ҳозирда Латвия олий таълим муассасаларида 1300 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Сўнгги йилларда эса 40 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиларимиз Латвия университетларида тажриба орттирган.

 

Ўзбекистон ва Латвия ўртасида бугунги кунда 40 дан ортиқ ҳамкорлик битимлари мавжуд бўлиб, уларнинг асосида бир қатор қўшма таълим дастурлари фаолият юритмоқда.