Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мактаб ошхоналари ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ турли фикрлар эълон қилинмоқда.
Мазкур ҳолат бўйича шуни маълум қиламизки, бугунги кунда умумтаълим мактабларининг ошхона ва буфетларида овқатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 660-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари ҳамда соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари, яъни «Э-аукцион» савдо платформаси орқали ўтказилган танлов натижалари асосида, ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъектлари томонидан уч томонлама («Ижарага берувчи» Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази, «Ижарага олувчи» тадбиркорлик субъекти ва «Балансда сақловчи» умумтаълим мактаби) тузилган шартномалар асосида ташкил этиб келинади.
Яъни, умумтаълим мактабларининг ошхона ва буфетларини ижарага бериш қарор талабларига асосан бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази томонидан амалга оширилади ва шартномалар тузилади.
Умумтаълим мактабларининг ошхона ва буфетларида ўқувчиларни сифатли ва хавфсиз овқатлантириш Ўзбекистон Республикасининг Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари «Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўғрисида»ги (0017-21-сон СанҚваН) (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 32-сон) норматив ҳужжат асосида ташкил этилади.
Унга кўра, умумтаълим мактабларининг 7-11 ёш ва юқори ёшдаги ўқувчилар учун озуқа моддалари ва энергияга бўлган суткалик эҳтиёжи белгиланган бўлиб, мазкур эҳтиёждан келиб чиқиб ўқувчилар учун 10 кундик таомномалар ишлаб чиқиб, қўлланишга тавсия этилган.
Тадбиркорлик субъекти томонидан етказилаётган маҳсулотларнинг сифатини назорат қилиш маҳсус журналига ёзиб борилади. Шунингдек, озиқ-овқатлар сифатини текширадиган (бракераж) комиссия аъзолари ташкил этилиши белгиланган.
Умумтаълим мактабларида овқатлантиришни ташкил этаётган тадбиркорлик субъекти томонидан тайёрланган ва савдога чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати мактаб (бракераж комиссияси) тиббиёт ходими томонидан назоратга олиниши, кунлик синамалар олиниб, сифати кафолатлангандан сўнг истеъмолга рухсат этилиши белгиланган.
Умумтаълим мактабларида ўқувчилар учун истеъмол қилиниши рухсат этилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлари рўйхати шакллантирилган бўлиб, ушбу рўйхат билан мактаб маъмурияти овқатлантиришни ташкил этаётган тадбиркорлик субъектини таништириши белгиланган.
