«Долзарб 90 кун» тадбирлари давомида қандай ишлар амалга оширилди? Вазирлик ҳисоботи

«Долзарб 90 кун» тадбирлари давомида қандай ишлар амалга оширилди? Вазирлик ҳисоботи

3 сентябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати ҳам «Долзарб 90 кун» тадбирлари расмий якунланганини айтиб, 2025 йил июнь – август ойларида давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтган.

 

Вазирлик берган ахборотда айтилишича, жорий йилнинг 15 май куни президент раислигида бўлиб ўтган соҳага оид видеоселектор йиғилишида ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича «Долзарб 90 кун» тадбирларини юқори даражада ўтказиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган.

 

Мазкур топшириқ ижроси юзасидан, «Долзарб 90 кун» лойиҳаси доирасида 1 июндан 30 августгача ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ишларини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича бир қанча ишлар олиб борилган.

 

Хусусан, жорий йилнинг июнь август ойларида жами 200 мингдан ортиқ тадбирлар ташкил этилиб, мазкур тадбирларга 7 миллион нафардан ортиқ ўқувчи ва ёшлар жалб этилди.

 

Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 1 251 та умумтаълим мактабларда кундузги оромгоҳлар ташкил этилиб, уларда 173 минг нафар ўқувчилар иштирок этди.

 

Мактабларда «Ёз – 2025» лойиҳаси доирасида 14 988 та спорт мусобақалари ўтказилиб, уларда 306 минг нафар ўқувчилар қатнашди. Республика бўйлаб 219 та «Баркамол авлод» болалар мактабларидаги 79 та тўгаракларда 300 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар ўз йўналишларида янги кўникмаларни эгаллашди.

 

545 та мактабларда ташкил этилган қўшимча дарсларда эса 125 минг нафар ўқувчилар қамраб олинди. 13 885 та репетиторлик ва ижодий тўгарак курсларига жами 2 млн нафардан ортиқ ёшлар билим олишди.

 

Бундан ташқари, жойларда «Баркамол авлод болалари», «Китобхонлар» фестиваллари, «Турон» мактаб театри ва «Иқтидор» мактаб ансамбли концерт дастурлари доирасида 6 338 та тадбирлар ташкил этилиб, уларга 294 минг нафар ўқувчи-ёшлар жалб этилди.

 

Бундан ташқари, «Турон» мактаб театри ва «Иқтидор» мактаб ансамбли жамоалари томонидан Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан «Ватан учун, миллат учун, халқ учун» шиори остида жорий йилнинг 26–28 август кунлари туман (шаҳар) маразларида театр намойишлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 360 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

 

Шунингдек, 9 505 та маънавий-маърифий тадбирларда 243 минг нафар ўқувчилар қамраб олинди. Эътиборлиси жиҳати, бу йил илк бора 100 нафар спортчи ёшлар учун «Лочин» дам олиш масканида ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилди. Оромгоҳда ўқувчилар ўртасида турли мусобақалар ташкил этиш орқали уларнинг орасидан энг иқтидорли ўқувчилар саралаб олиниб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Миллий терма жамоаси шакллантирилди.

 

Шунингдек, жорий йилда «Долзарб 90 кун» давомида 54 нафар иқтидорли ўқувчилар Россия, Беларусь ва Хитой давлатларга соғломлаштириш оромгоҳларига юборилди.

 

Аммо вазирлик аввалги расмий баёнотида маълум қилганидек, «Долзарб 90 кун» тадбирларига ўз ихтиёри билан қатнашган педагогларни бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш масаласига тўхталиб ўтмаган.