Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорида белгиланган тартибга кўра, ётоқхона билан таъминланмаган ва ижарада яшаётган айрим талабалар учун ижара тўловларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Кимларга компенсация берилади?
—Талаба ётоқхона билан қамраб олинмаган бўлиши керак. Агар ётохонада жой мавжуд бўлса, аммо талаба ижарада яшаса, унга компенсация ажратилмайди.
—Талаба ўзига ёки ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижарада турган бўлиши шарт.
—Фақат давлат олийгоҳи талабаларига берилади. Хусусий олийгоҳ талабаларига тааллуқли эмас.
—Ўзбекистон фуқаролари ва мамлакатда доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар мурожаат қилиши мумкин. Чет давлат фуқароларига бу имтиёз берилмайди.
—Фақат кундузги таълим шаклида ўқиётганларга қоплаб берилади. Кечки, сиртқи, масофавий ва қўшма дастурда ўқиётган талабалар бу имкониятдан фойдалана олмайди.
—Талаба рўйхатга олинган доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудда яшаётган бўлиши лозим. Масалан, Самарқанд шаҳрида рўйхатда турган ва шу шаҳардаги олийгоҳда ўқиётган талабага компенсация берилмайди. Аммо Каттақўрғон туманида рўйхатда бўлиб, Самарқанд шаҳрида ўқиётган талабага қоплаб берилиши мумкин.
—Давлат гранти ёки контракт асосида ўқиётганлигининг фарқи йўқ, иккала ҳолатда ҳам берилади.
Қоплаб бериладиган сумма:
—Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (412 минг сўм).
—Бошқа ҳудудларда – ярим баравари (206 минг сўм).
Ижара шартномаси талаби
Компенсация олиш учун ижара.солиқ.уз порталида рўйхатдан ўтган ижара шартномаси бўлиши зарур. Шартнома бўлмаса, тўлов амалга оширилмайди.
Фақат 1-курс талабаларига сентябрь ва октябрь ойларида истисно тариқасида шартнома сўралмайди. Ноябрдан бошлаб улардан ҳам шартнома талаб қилинади. Бир нечта талаба бир уйда яшаётган бўлса, уларнинг барчаси шартномада қайд этилиши керак.
Шунингдек, уйини ижарага берган фуқаролар даромад солиғидан озод этилади. Шунинг учун улар шартномани расмийлаштиришдан чўчимасликлари мумкин.
Биринчи навбатда кимларга берилади?
—Ижтимоий ёрдамга муҳтож талабаларга.
—Фаол ва ўрнак кўрсатган талабаларга.
Қоидага кўра, давлат олийгоҳларида ижарада яшаётган талабаларининг 60 фоизига бюджет маблағлари ҳисобидан компенсация берилади. Қолганлари учун эса университетнинг ташқи маблағлари жалб қилиниши мумкин.
Ариза топшириш тартиби:
Ариза ҳар ойнинг 7-санасига қадар онлайн тарзда юборилади. Бунинг учун:
1. контракт.эду.уз ахборот тизимида рўйхатдан ўтилади.
2. Шахсий кабинетдан «Ижара тўловлари» бўлими танланади.
3. «Ариза юбориш» тугмаси босилиб, ариза топширилади.
Рад этиш сабаблари:
—Сохта ҳужжат топширилган бўлса.
—Манзил мос келмаса.
—Ариза белгиланган муддатдан кеч топширилса.
Агар нотўғри маълумот тақдим этган ёки шартномани қалбакилаштирган талаба аниқланса, унга компенсация тўлаш тўхтатилади. Камчиликлар бартараф этилгач, аризани қайтадан топшириш мумкин.
Тўлов тўхтатиладиган ҳолатлар:
—Талаба академик таътилга чиққанида.
—Курсда қолдирилган ёки сафдан четлаштирилган тақдирда.
Ижара шартномаси бекор қилинганда ёки манзил ўзгарганда (3 иш куни ичида хабар берилиши керак).
