Статистикага кўра, кўпчилик ўқувчилар уй вазифасини бажаришга кунига тахминан уч соат вақт сарфлайди. Аммо энг юқори натижалар уч-тўрт соат шуғулланганларда кузатилган.
Naked Science қайд этишича, ота-оналар кўпинча қийин танлов олдида қолади: боланинг мустақиллигини йўқотиш хавфи билан унга фаол ёрдам беришми ёки масъулиятни тўлиқ ўзига топширишми, бироқ бу ҳолда ўқишдаги натижалар пасайиши мумкин.
Қайси вариант маъқулроқ ва нима учун – бу ҳақда Россиянинг Перм Политетехника университети олимлари фикрлари билан бўлишди.
Эксперт Мария Дуванская, ПНИИПУнинг «Социология ва сиёсатшунослик» кафедраси доценти, психология фанлари номзоди, ота-онанинг биринчи навбатдаги вазифаси – уй вазифасини бажаришда ҳамкорликни ҳиссий алоқани мустаҳкамлаш воситаси сифатида қўллашдир, дейди.
«Бола билан ўқиш жараёнида ҳиссий алоқани сақлаш психологик барқарорлик ва билишга қизиқиш муҳитини яратади. Ўқувчи билан ҳамкор сифатида ишлаётган ота-она, назоратчи эмас, шерик сифатида иштирок этганида, ишончли муҳит шаклланади. Бу эса стрессни камайтиради ва таълим жараёнини ижобий қабул қилишни кучайтиради.
Бундай ҳамкорлик ёрдамни босим эмас, балки боланинг мустақиллигини тан олишга асосланган ўзаро мулоқот шаклига айлантиради. Ушбу ёндашув ички ўқув мотивациясини, ўзини ташкил этиш қобилиятини ҳамда ўзининг академик ютуқларига онгли муносабатни ривожлантиради», – дея изоҳ беради Мария Дуванская.
Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, ортиқча назорат, яъни ота-она «назоратчи» ролида бўлса, бола қарор қабул қилиш имкониятидан маҳрум бўлади ва бу тўлиқ мустақилликни йўқотишга олиб келади.
Уй вазифаси фақат дарсларга тайёргарлик воситаси эмас, балки бир қанча яширин функцияларни ҳам бажаради.
Ўзининг бевосита мақсадидан ташқари, у тарбия воситаси, ота-она ва бола ўртасида мазмунли мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, у ота-оналарнинг ўзлари учун ҳам узлуксиз таълим шаклидир, чунки улар мактаб дастури билан доимий алоқада бўлиб қоладилар.
Ёрдамнинг самарадорлиги бир нечта омилларга боғлиқ. Бола ёши энг муҳим омил ҳисобланади: бошланғич синфда ёрдам зарур бўлса, 12–13 ёшли ўсмирларда эътибор кўпроқ тенгдошлари билан мулоқотга қаратилади.
9-синфдан бошлаб эса, касбий йўналиш шакллана бошлаганда, ота-она таълим йўлини белгилашда фақат ментор сифатида иштирок этади.
