Магистрант хотин-қизлар контракт тўлаб берилиши учун 15 сентябргча ариза беришлари керак

Магистрант хотин-қизлар контракт тўлаб берилиши учун 15 сентябргча ариза беришлари керак

Квота тўғрисидаги президент фармойишида контракт асосида магистратурага кирадиган талаба хотин-қизларнинг контракт пулларини тўлаб бериш қайд этилган. Контракт пуллари ҳеч қандай қайтариш шартларисиз тўлаб берилади.

 

Бунинг учун:

 

Магистратурада ўқиётган хотин-қизлар ҳар йили 15 сентябргача ўзлари ўқиётган ОТМ ректори номига ариза билан мурожаат қилишади. Бу санадан кеч қолганларнинг контракти тўланмайди. Талабгорларнинг аризалари йиғилиб ОТМ тегишли бўлган вазирликка юборилади.

 

15 октябргача ОТМларнинг ректорлари талабгорларнинг контракт пулларини тўлаб бериш тўғрисида буйруқ қабул қилади. Маълумот учун: магистратура учун чет тили сертификати мажбурий. Бунда филология таълим йўналишлари учун сертификат даражаси камида C1, бошқа барча таълим йўналишлари учун эса Б2 бўлиши керак.

 

Кечки ёки масофавий таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг ҳам контракти тўлаб бериладими?

 

Президентнинг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармони 3-бандининг «б» кичик банди биринчи хатбошиси, «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 15 июндаги ПҚ-279-сон қарори 3-бандининг «б» кичик банди иккинчи хатбошиси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 15 августдаги 447-сон қарорларига кўра, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз қопланади.

 

 

Бу ерда қуйидаги муҳим калит сўзлар бор:

 

1. давлат олийгоҳида;

 

2. магистратура босқичида;

 

3. барча хотин-қизларга;

 

4. қайтариш шартисиз.

 

 

Яъни:

 

 

1. хорижий ёки нодавлат олийгоҳларга тааллуқли эмас;

 

2. магистратура босқичига кирган бўлса бўлди, таълим шаклига ҳеч қандай талаб йўқ. Чунки «кундузги» сўзи мавжуд эмас;

 

3. барча хотин-қизларга тўланади, камбағал, эҳтиёжманд ёки қанақадир имтиҳондан ўтган, аъло баҳога ўқиган деган талаблар йўқ;

 

4. тўланган контракт миқдорлари қайтарилмайди, 7 йилда, фоизсиз бўлиб тўлаш, деган қоидалар мавжуд эмас.

 

 

Амалдаги қонунчиликда хотин-қизлар магистратура босқичининг айнан кундузги таълим шаклига кирсагина контракти тўлаб берилади, деган қоидалар мавжуд эмас. Умумий магистратура дейилгани учун кечки ва масофавий шаклларига кирганда ҳам қопланиши кераклиги айтилган.