Энди 1–3 курслар таълим дастурлари халқаро ТОП-300 рейтингли университетлар дастурлари асосида такомиллаштирилади

Энди 1–3 курслар таълим дастурлари халқаро ТОП-300 рейтингли университетлар дастурлари асосида такомиллаштирилади

28 август куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов раислигида Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2025/2026-ўқув йилига тайёргарлик, битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳамда ёшларни маънавий-маърифий тарбиялаш масалалари кўриб чиқилган.

 

Шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбарларига 25 дақиқада 1 946 та кичик роботни йиғиб, Ўзбекистон номини «Гиннес рекордлар китоби» га киришига сабабчи бўлган талаба-ўқувчилар, фаол иштирок этган устозлар муносиб рағбатлантириш айтиб ўтилди.

 

Таъкидланишича, янги ўқув йилидан бошлаб 1–3 курслар таълим дастурлари халқаро ТОП-300 рейтингли университетлар дастурлари асосида такомиллаштирилади. Шунингдек, бакалавриатнинг 18 йўналиши ва магистратуранинг 14 мутахассислиги бўйича ягона ўқув-меъёрий ҳужжатлар жорий этилади. Кредит таълими тизимида эса «Кредит ҳафтаси» амалиёти жорий қилиниб, талабаларнинг билим олиш жараёни халқаро тажриба асосида ташкил этилади.

 

Илм-фан ва инновациялар бўйича ҳисоботда олийгоҳларда илмий салоҳият 46,6 фоизга етгани қайд этилди. Айрим университетларда бу кўрсаткич 70–80 фоиздан ошган бўлсада, айримида 30–40 фоиз даражасида қолмоқда. Шу боис, вазирлик раҳбарияти томонидан 2025 йил якунига қадар илмий салоҳиятни 55 фоизга етказиш, докторантлар диссертацияларини ўз вақтида ҳимоя қилиш кўрсаткичини 50 фоизга чиқариш ҳамда илмий мақолаларнинг камида 30 фоизини Қ1–Қ2 журналларда нашр этиш вазифалари белгиланди.

 

Шунингдек, хўжалик шартномалари ва тижоратлаштирилган лойиҳалар ҳиссасини олийгоҳлар даромадининг 20 фоизига етказиш топширилди.

 

Битирувчилар бандлиги кун тартибининг асосий масалаларидан бири бўлди. Президент раҳбарлигида 8 август куни ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқларнинг ижроси муҳокама қилинди. Маълумотларга кўра, жорий йилда 226,7 минг битирувчидан 140 минг нафари иш билан таъминланган, 73,4 минг нафари эса (32,4 фоиз) банд эмас. Йил якунига қадар барча битирувчиларни иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда ҳар бир олийгоҳда «Битирувчилар баланси» юритилиши ва республика штабига тақдим этилиши шартлиги таъкидланди.

 

Кейинги масала ёшлар тарбияси ва талабалар турмуш шароитини яхшилашга қаратилди. Ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида 2025–2030 йилларга мўлжалланган концепция ишлаб чиқилди. Янги ўқув йилидан «Маърифат дарслари» учун рақамли контентлар миллийтарбия.уз платформасига жойлаштирилади. Шунингдек, талабалар фаоллигини баҳолаш учун «Ижтимоий фаоллик индекси» платформаси жорий этилади.

 

Талабаларни оммавий спорт билан қамров даражаси 50 фоизга етказилиши белгиланди. Талабалар турар жойларини таъминлаш масаласи алоҳида кўриб чиқилиб, 2025 йил ҳолатига кўра 368 та ётоқхонада 146 мингдан ортиқ ўрин яратилгани, янги 18 та ётоқхона ва 1 000 ўринли ўқув бинолари фойдаланишга топширилгани қайд этилди.