Наманган вилоятида мактаб ва мактабгача таълим тизими вакиллари билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, вилоят туманларидан бирининг мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудири ҳамда иккита хусусий боғча раҳбарлари ўзаро тил бириктирган.
Улар фуқаронинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали бошқа тумандаги давлат мактабгача таълим муассасасига мудира лавозимига тайинлаш эвазига 2 500 АҚШ доллари талаб қилишган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, дастлаб оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбарларидан бири 2 500 АҚШ пора пулини олаётганда қўлга олинган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан ушбу пул маблағини олган вақтида иккинчи оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари қўлга олинган.
Ўтказилган тезкор чора-тадбирлар жараёнида ушбу пулдан 1 000 АҚШ доллари туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими мудирига берилиши кераклиги аниқланиб, у ҳам порани олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган.
