Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 264 сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, «Йил ўқитувчиси» танловида олий ёки биринчи малака тоифасига ҳамда камида 5 йиллик пед стажга эга, асосий штатда фаолият юритаётган фан ёки бошланғич синф ўқитувчиси иштирок этиши мумкин.
Танлов уч босқичда ўтказилади:
биринчи босқичда — номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади;
-Танловнинг биринчи босқичи Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом асосида ҳар икки йилда бир марта август декабрь ойларида ташкил этиладиган малака тоифа синовлари билан интеграция қилинган ҳолда (онлайн тарзда) ўтказилади.
Бунда малака синовларида бериладиган 50 та тест топшириғига (шу жумладан, умумий ўрта таълим мактабларининг мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун ҳам) қуйидаги тарзда алоҳида балл ҳисобланади:
-мутахассислик фанидан (35 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 3,1 балл (35*3,1=108,5 балл);
-педагогик маҳорати учун (10 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 2,1 балл (10*2,1= 21 балл);
-касб стандарти учун (5 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 1,1 балл (5*1,1=5,5 балл) берилади.
Эслатма! Жисмоний тарбия ва мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун эса, амалий (ижодий) имтиҳон балли 21 га кўпайтирилиб, 60 га бўлинади.
Биринчи босқичда жами тўплаш мумкин бўлган балл-135 балл.
Ҳар бир туман (шаҳар)дан биринчи босқичда баллар кетма-кетлигига қатъи риоя этган ҳолда энг юқори балл тўплаган 3 нафардан номзод танловнинг иккинчи босқичига ўтказилади.
Танловнинг биринчи босқичида номзодларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, уларни танлаб олиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
– номзоднинг амалдаги малака тоифаси юқорилиги;
– кўп йиллик педагогик иш стажига эгалиги;
– мутахассислик фанидан юқори балл тўплагани;
– юқоридаги барча ҳолатларда ҳам баллар тенг келиб қолган тақдирда, истисно тариқасида, номзодларнинг барчаси иккинчи босқичга ўтказилади.
Иккинчи босқичда — номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади. Учинчи босқичда — номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги баҳоланади.
Танлов якунларига кўра, ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ғолиб деб топилган ҳар бир номзод реестри Вазирлик томонидан юритиладиган ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган ҚР-кодли сертификат билан тақдирланади.
Ушбу сертификат асосида ғолиблар Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасига қўшимча ажратилган маблағларни қайта тақсимлаш ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг пул мукофоти (тахминан 45 минг АҚШ доллари) билан тақдирланади.
Эндиликда, Тоифа тестларида қайд этилган юқори натижалар орқали қуйидаги имкониятларга эга бўлиш мумкин:
1. Амалдаги малака тоифасини ошириш ёки тасдиқлаш ( бу орқали кейинги беш йил давомида мажбурий аттестациядан озод қилиниш ҳамда юқори тоифа бўйича ойлик олиш);
2. Кейинги 2 йил давомида 70 фоизлик устама олиш ( агарда 86 ва ундан юқори балл тўплаб Олий ёки биринчи тоифа олинса ёки сақланса);
3. Вазир жамғармасидан тўлаб бериладиган устамалар (9 ой давомида ойига 1271000*5,5= 6 млн 990 минг сўмдан жами 62 млн 914 минг 500 сўм) учун ўтказиладиган саралашнинг биринчи босқичидан ўтган ҳисобланиш ( бу учун эса ўз фани бўйича ўтказилган тоифа тестларида ўз вилоятида ўз йўналиши бўйича юқори ўринларда бўлиш);
4. Соврини 576 млн. сўмлик «Йил ўқитувчиси» кўрик танловининг биринчи босқичидан ўтган ҳисобланиш (бу учун эса тоифа тестларида ўз туманидаги барча ўқитувчилар орасида 1-3 ўринларда бўлиш).
