Муҳокамалар порталига «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолиятига ўқувчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ўқувчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ:
– Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга тайёрлов гуруҳларига ва 1-11-синфларга иқтидорли ўқувчиларни қабул қилиш;
– кириш имтиҳонларида талабгорларга бериладиган саволлар тақсимотини белгилаш;
– мактабда бўш ўқувчи ўринларини тўлдириш белгиланган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
– 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатга қабул жараёнларини амалга ошириши;
– бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириши кўрсатилган.
Шунингдек, мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) тизимидаги Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган мактаб) мактабга тайёрлов гуруҳи ва 1-11-синфларга ўқувчилар ва болаларни (кейинги ўринларда – ўқувчилар) саралаб олиш ва қабул қилиш тартибини белгилайди.
Қабул комиссияси таркиби 7 кишидан кам бўлмаган тоқ миқдорда комиссия раиси, комиссия раиси ўринбосари, комиссия котиби ҳамда унинг аъзоларидан иборат таркибда тузилади.
Кириш имтиҳонлари материаллари малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда Агентлик томонидан тайёрланади.
Кириш имтиҳони ҳар йили қабул комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ўтказилади.
Мактабга тайёрлов гуруҳи ҳамда 1-синфлар учун кириш имтиҳонлари икки босқичда қуйидагича ўтказилади:
биринчи босқич – мантиқий фикрлаш бўйича мактабга тайёрлов гуруҳи учун 10 та, 1-синф учун 20 та тест шаклида ўтказилади.
Биринчи босқич имтиҳони натижалари Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Биринчи босқич натижасига кўра, қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 5 нафар ҳисобидан максимал балл тўплаган ўқувчиларга иккинчи босқичда иштирок этишга рухсат этилади.
Биринчи босқич натижасига кўра тенг натижалар юзага келган ҳолларда, яъни бир нечта ўқувчилар бир хил умумий балл тўплаган тақдирда, улар туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ ўқувчиларга устунлик берилади.
Агарда бу ҳолатда ҳам тенглик сақланиб қолса, қабул комиссияси томонидан ўқувчиларга қўшимча топшириқлар берилади.
Иккинчи босқич – психологик ва интеллектуал қобилият даражасини аниқлаш бўйича турли даражадаги суҳбатлар шаклида ўтказилади.
Кириш имтиҳонлари:
а) 2-4-синфлар учун бир босқичда қуйидаги фанлардан ўтказилади:
2-синф учун математика фанидан 15 та, инглиз тили фанидан 10 та тест саволлари шаклида;
3-синф учун математика фанидан 20 та, инглиз тили фанидан 10 та тест саволлари шаклида;
4-синф учун математика фанидан 20 та, инглиз тили фанидан 15 та тест саволлари шаклида;
б) 5-11-синфлар учун бир босқичда математика фанидан 20 та, инглиз тили фанидан 25 та тест саволлари шаклида ўтказилади.
Ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилар йиллик қабул квотаси (иккита синфга бир хил 24 нафардан ўқувчи тақсимланган, 48 нафар ўқувчидан иборат) доирасида қабул қилинади.
