2014 йил 20 март кунидаги 2577-сон ʼЪУмумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаъъги Низомнинг 30-бандига кўра, айрим тоифадаги ўқувчилар умумтаълим мактаби кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.
Булар:
– 1-синф ўқувчилари;
– «Меҳрибонлик» уйлари, махсус мактаб ва мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари бўлган ўқувчилар;
– ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалардаги ўқувчилар.
Бунда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги ўқувчилар рўйхати 1 сентябргача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари илтимосномаси ва ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан умумтаълим мактаби педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади.
Шунингдек, жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсони мавжуд бўлган ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлаш фойдаланишга яроқли бўлган мавжуд дарсликларни ҳисобга олган ҳолда умумтаълим мактаби кутубхона жамғармасини янгилаш ва тўлдириш орқали амалга оширилади.
Ўқувчини бошқа умумтаълим мактабига ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилган тақдирда, унга бепул фойдаланиш учун берилган дарсликлар уч кун ичида умумтаълим мактаби кутубхона жамғармасига қайтарилиши лозим. Бунда умумтаълим мактаби маъмурияти томонидан ўқувчи жорий ўқув йилида дарсликлар тўплами билан бепул таъминланиши лозимлиги тўғрисида маълумотнома берилади. Ўқувчи уни қабул қилган умумтаълим мактаби томонидан мазкур маълумотнома асосида дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.
Умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари дарс машғулотларини ўтказиш учун зарур бўлган дарсликлар ва ЎМҚлар билан умумтаълим мактаби кутубхона жамғармасининг захираси ҳисобидан бепул таъминланади.
Ўқувчи ва ўқитувчиларга бепул фойдаланиш учун берилган дарсликлар ва ЎМҚлар ўқув йили якунида тўлиқ ҳажмда умумтаълим мактаби кутубхона жамғармасига қайтарилади, биринчи синф ўқувчиларига берилган иш дафтарлари бундан мустасно.
