«Олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги» низомга кўра, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун контракт икки ёки уч томонлама расмийлаштирилиши мумкин.
Унинг тарафлари қуйидагилар ҳисобланади:
икки томонлама контрактда: бир томондан — олий таълим ташкилотининг ваколатли шахси, иккинчи томондан — абитуриент ёки талаба ёхуд уларнинг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар);
уч томонлама контрактда: бир томондан — олий таълим ташкилотининг ваколатли шахси, иккинчи томондан — юридик ёки жисмоний шахс (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади), учинчи томондан — абитуриент ёки талаба ёхуд уларнинг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар).
Контрактда шартноманинг бажарилиш муддатлари, ҳисоб-китоб қилиш тартиби, тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафлар учун вужудга келиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатлар, низоларни ҳал этиш тартиби ҳамда тарафларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой ҳамда бошқа муҳим шартлар назарда тутилиши лозим.
Контрактлар Давлат комиссиясининг абитуриентларни контракт асосида талабаликка тавсия этиш тўғрисидаги қарори (бундан буён матнда Давлат комиссиясининг қарори деб юритилади) қабул қилинганидан сўнг расмийлаштирилади.
Давлат комиссиясининг қарорига асосан талабаликка тавсия этилган абитуриентларни мазкур Низомда белгиланган тартибда контрактда назарда тутилган тегишли тўловлар амалга оширилгунига қадар ёки абитуриентларни талабаликка қабул қилиш бўйича олий таълим ташкилотининг буйруғи қабул қилингунга қадар олий таълим ташкилотининг тегишли буйруғига асосан дарсларда қатнашиб туришига рухсат этилади.
Тегишли комиссиялар томонидан белгиланган тартибда ўқишини кўчиришга ёки қайта тиклашга тавсия этилган талабаларни ҳам мазкур Низомда белгиланган тартибда контрактда назарда тутилган тегишли тўловлар амалга оширилгунига қадар олий таълим ташкилотининг тегишли буйруғига асосан дарсларда қатнашиб туришига рухсат берилади.
Олий таълим ташкилотларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори билим соҳалари, соҳа ва таълим йўналишлари, таълим шакллари (ишлаб чиқаришдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда) ва таълим босқичлари (бакалавриат, магистратура, иккинчи ва ундан кейинги таълим) бўйича алоҳида, ҳар ўқув йили учун белгиланади.
Олий таълим ташкилотларида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдорини белгилаш бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб амалга оширилади.
Маълумот учун, контракт тўлови шартномада кўрсатилган вақтгача белгиланган миқдори тўланиши керак.
