Жорий йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги касбий таълим ташкилотлари (техникумлар)га абитуриентларни қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Тиббиёт техникумларига қабул
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари (тиббиёт техникумлари)нинг ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларига кундузги таълим шакли бўйича кириш имтиҳонлари «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ ўтказилади.
Бунда my.uzbmb.uz сайти орқали 5–25 июнь кунлари онлайн рўйхатдан ўтиб, кириш имтиҳонларида қатнашган абитуриентлар ўз хоҳишига кўра, тиббиёт техникумларига қабул танловида ҳам иштирок этиши мумкин.
Қабул қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
— Биология + кимё ёки кимё + биология асосий фан блокини танлаган абитуриентлар — жами тўплаган баллар бўйича.
— Асосий фанлар блокида биология ёки кимё бўлмаган абитуриентлар — мажбурий фанлар (она тили, математика, Ўзбекистон тарихи) бўйича тўплаган баллари асосида мутахассисликларни танлаши мумкин.
Тиббиёт техникумларини танлаш my.uzbmb.uz сайтида 28 август кунига қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани тўғрисидаги якуний танлов натижалари танлаш тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда эълон қилинади.
Бошқа техникумларга қабул
Тиббиётдан бошқа техникумларга қабул my.edu.uz платформаси орқали 2025 йил 10-центабргача (шу куни ҳам) амалга оширилади.
Саралаш имтиҳонлари кундузги ва кечки таълим шакллари учун ёзма имтиҳон шаклида белгиланган тартибда ўтказилади.
