Янги тартибга мувофиқ, ўтган ўқув йилидан бошлаб, давлат гранти талабаларга фақат бир йил учун берилиши белгиланди. Унга кўра, агар талаба 1 йил ўқиши давомида юқори рейтинггини сақлаб қола олмаса, кейинги йилдан бошлаб тўлов-контракт асосидагина ўқишини давом эттириши мумкин бўлади.
Аксинча ҳолда эса, тўлов-шартнома асосида талабаликка тавсия этилган талабалар грантнинг қайта тақсимотида иштирок этиши ва юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлса, давлат гранти асосида ўқишини давом эттириши мумкин бўлади.
Имтиёз асосида талабаликка тавсия этилганлар ҳам қайта грант тақсимотида иштирок этадими?
Қарорда белгиланган тартибга кўра, қуйидаги талабаларга давлат гранти 4 йил учун ҳам берилади ва улар грант тақсимотида иштирок этмайди:
Имтиёз асосида талабаликка тавсия этилганлар. Булар:
а) етим ёки чин етим бўлган, меҳрибонлик уйларида тарбияланган талабалар;
б) ногиронлиги бўлган талабалар;
д) ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг фарзандлари бўлган талабалар;
э) ҳудудий квота эгалари (масалан, Қорақалпоғистон Республикасидан бўлган талабалар).
Шунингдек, Президент ва вазирликлар томонидан ажратилган махсус грант ҳамда Халқаро фан олимпиадалари, нуфузли танловларда ғолиб бўлганда бериладиган грантга сазовор бўлган талабаларнинг давлат гранти ўқиш якунига қадар амал қилади.
