Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3-октабрдаги 559-сон қарорига кўра, олий таълимда масофавий таълим шакли жорий этилган. Мазкур шакл бўйича ўқитиш ва билим баҳолаш жараёнлари тўлиқ рақамли платформалар орқали олиб борилади.
Масофавий таълим фақат кундузги таълим шаклида мавжуд бўлган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари асосида ташкил этилади. Бунда бир йўналишга қабул қилинадиган талабалар сони бакалавриат учун 300 нафардан, магистратура учун 30 нафардан ошмаслиги керак.
Олий таълим ташкилоти масофавий таълимни ташкил этиш учун бир қатор техник ва ташкилий шартларга жавоб бериши лозим. Хусусан, таълим жараёни махсус ўқув платформаси — Леарнинг Манагемент Сйстем (ЛМС) орқали ташкил этилади. Бу платформада талабалар учун дарс жадвали, ўқув фанлари, топшириқлар ва уларнинг баҳолаш натижалари жойлаштирилади. Шунингдек, платформа автоматик мониторинг ва идентификация тизимларига эга бўлиши шарт.
Масофавий таълимда ўқув машғулотлари синхрон (реал вақт режимида) ва асинхрон (олдиндан ёзиб олинган) шаклларда олиб борилади. Якуний назорат турлари, давлат аттестацияси ва битирув малакавий иши ҳимояси эса анъанавий, яъни юзма-юз шаклда ўтказилади.
Дарс бераётган профессор-ўқитувчилар сони ва талаба сони ўртасидаги нисбат 1:50 дан ошмаслиги белгиланган. Бу ўқитувчининг ҳар бир талабага етарли эътибор қаратишини таъминлаш мақсадида жорий этилган.
Масофавий таълим шакли фақат тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Ўқитиш нархлари вазирликлар ёки олий таълим муассасаси кузатув кенгаши томонидан белгиланади. Давлат грантлари масофавий таълим шаклига татбиқ этилмайди.
Қарорда олий таълим муассасаларининг инфратузилмасига қўйиладиган талаблар ҳам аниқ белгиланган. Жумладан, узлуксиз юқори тезликдаги интернет, серверлар, махсус видеодарслар ва рақамли контент, шунингдек, техник хизмат кўрсатиш ходимлари мавжуд бўлиши керак.
Масофавий таълим шаклида ўқишга қабул қилинган талаба қандай ҳолларда олий таълим ташкилотига шахсан ташриф буюриши шарт?
– ўқув жараёни бошланишидан аввал — масофавий таълимни бошқариш бўйича дастурий таъминот — ЛМС платформасида рўйхатдан ўтиш учун;
– ҳар семестр якунида — якуний назорат топшириш ўтиш учун.
– якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий ва магистрлик иши ҳимояси бевосита олий таълим ташкилотида анъанавий тарзда амалга оширилади, уларни синхрон ёки асинхрон режимида қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Мазкур бандда назарда тутилган талаблар хорижий давлат фуқароси бўлган талабага нисбатан татбиқ этилмайди.
Муҳим! Иш фаолиятини масофавий таълим билан қўшиб олиб бораётган талабаларга семестр охирида якуний баҳолашдан ўтиш, битирувчиларга эса якуний давлат аттестациясини топшириш, битирув малакавий ва магистрлик ишини ҳимоя қилиш учун камида 15 календарь кун муддатга иш ҳақи сақланган ҳолда таътил берилади.
Масофавий шаклда ўқитиш учун талабаларни таълим ташкилотига қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш бошқа таълим шакллари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Масофавий таълим шаклининг ўқиш давомийлиги қанча?
Масофавий таълим бўйича ўқиш давомийлиги тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича кундузги таълим шакли учун белгиланган ўқиш давомийлиги муддатидан кам бўлиши мумкин эмас. Яъни, кундузги таълим шакли билан бир хил давомийликда олиб борилади.
Жорий йилда қайси университетларнинг қайси йўналишларида масофавий таълим шаклига қабул очилди?
2025/2026-ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатининг масофавий таълим шаклига умумий қабул параметрларининг таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича тақсимоти тасдиқланган. Улар қуйидагича тақсимланди:
Република бўйича умумий 18 195 та ўрин, шулардан ўзбек гуруҳларга 16 000, рус тилидаги гуруҳлар учун 1 780 ва қорақалпоқ тилидаги гуруҳлар учун 425 та ўрин ажратилган. Батафсил қуйидаги жадвалда кўриб олиш мумкин.
Эслатма! Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг иккинчи, яъни танлов босқичи 8 август куни якунланади. Танловни амалга оширмаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинмайди.
