Таълим тизимининг барча бўғинини ўзаро интеграция қилиш бўйича масалалар кўриб чиқилди

Таълим тизимининг барча бўғинини ўзаро интеграция қилиш бўйича масалалар кўриб чиқилди

1 август куни Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Ҳилола Умарова раислигида таълим тизимини интеграция қилиш ва унинг барча бўғинларида сифатни оширишга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари ҳамда вазирликлар вакиллари иштирок этди.

 

Йиғилиш аввалида давлат раҳбарининг тегишли фармонига биноан янги тайинланган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова жамоага таништирилди.

 

Учрашув давомида таълим тизимининг узвийлигини таъминлаш, хусусан, мактабгача ва бошланғич таълим дастурларини уйғунлаштириш, халқаро меъёрларга мос стандартларни жорий этиш, «Илк ривожланиш марказлари»ни барча туман ва шаҳарларда ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди. Ушбу марказлар орқали 200 минг қўшимча ўрин яратилиши режалаштирилган.

 

«Менежерлик ўқув курслари» фаолиятини кенгайтириш, ўқитиш услубларини такомиллаштириш ва ихтисослаштирилган мактаблардаги баҳолаш тизимини босқичма-босқич умумтаълим мактабларига жорий қилиш режалари эълон қилинди. Янги ўқув йилида ушбу тизим 3 мингта мактабда татбиқ этилади.

 

Шунингдек, Абу Али ибн Сино номли ихтисослаштирилган мактабининг 13 та филиали жойларда босқичма-босқич очилиши белгиланди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда педагог кадрлар тайёрлаш тизими тубдан янгиланади.

 

Тадбирда мактабга қабул ва ўқитувчиларни ишга қабул қилиш жараёнларининг рақамлаштирилиши, танлов асосида ишга олиш тизими ва махсус платформа орқали ишга ёллаш амалиёти кенгайтирилиши билдирилди. Маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида «Турон» мактаб театри, «Иқтидор» мактаб ансамбли ва «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» каби танловлар ўтказилади.

 

2025 йилга келиб хорижий талабалар сони 160 минг нафарга, хорижлик ўқитувчилар сони эса 10 минг нафарга етказилиши мўлжалланган.

 

Гарвард университети билан ҳамкорликда «Ректорлар мактаби» ташкил этилиши, Олий аттестация комиссияси фаолиятини трансформация қилиш режалаштирилган. «Келажак авлод» намунавий боғчалар сони 2026 йилгача 14 тага, 2030 йилгача эса 208 тага етказилади.

 

«Боғчадан — олийгоҳгача» ягона миллий ғоя тизими доирасида 2025–2030 йиллар учун таълимда ягона ёндашув концепцияси ишлаб чиқилади ва жорий қилинади.

 

Йил якунигача ОТМлар илмий салоҳияти 55 фоизга етказилиши, 4250 нафар профессор-ўқитувчининг хорижда малака ошириши ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали иқтидорли ёшлар ва давлат хизматчилари сонининг оширилиши кўзда тутилган.

 

Йиғилишда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги зиммасига юклатилган ташқи баҳолаш жараёнларини жадаллаштириш бўйича вазифалар ҳам муҳокама қилинди.