Ижтимоий тармоқларда айрим талабаларнинг сохта ҳужжатлар асосида олий таълим ташкилотларига қабул қилингани ҳақидаги хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу борада расмий муносабатини билдирди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур масала юзасидан текширув олиб бораётганини маълум қилди.
«Таъкидлаш жоизки, ҲEМИС тизими орқали ҳар бир талабанинг қабул қилиниши, ўқиётган йўналиши ва курси аниқ қайд этилади. Хориждан ўқишини кўчиришда эса фақат расмий ҳужжатлар асосида, ўқув режалари солиштирилиб, ректор буйруғи билан қабул амалга оширилади. Бу жараён электрон тизимда тўлиқ ва шаффоф юритилади, асоссиз маълумотлар киритилмайди.
Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиб, жамоатчиликка расмий ахборот тақдим этилади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ, нодавлат олий таълим муассасалари телеграм каналида ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг хусусий олий таълим муассасалари ҳақидаги постига фикрлар билдирилгани ҳақида ёзган эдик.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда консалтинг компаниялари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядаги олийгоҳларда ўқийди, деган сохта ҳужжатлар асосида Ўзбекистондаги хусусий университетларнинг 2-, 3- ёки 4-курсларига ўқишга кўчириб бераётгани ҳақида хабарлар бўйича айрим хусусий университетлар билан суҳбатлашилгани ҳақида материал чиқарилган эди.
