Вазирлар Маҳкамасининг “Ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида” қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
2025 йил 1-сентабрдан бошлаб ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ходимлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги, тизими жорий этилиши кутилмоқда. Ушбу такомиллашган тизим Президентнинг ПФ–27-сон (2023 йил 28 февраль) ва ПФ–158-сон (2024 йил 16-октабр) Фармонлари асосида ишлаб чиқилган.
Асосий ўзгаришлар:
– Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаларидаги ўқитувчилар ставкаларига тенглаштирилади.
– Ишлаб чиқариш таълими усталари, психологлар, раҳбар ходимлар, халқаро дастурларда ишловчилар учун ҳам шунга ўхшаш тенглаштиришлар амалга оширилади.
– Академик лицейлар ўқитувчиларининг иш ҳақи ихтисослашган мактаблардаги ўхшаш лавозимларга мослаштирилади.
– Илмий даражага эга (PhD, DCc) педагоглар ойликлари олий таълимдаги “катта ўқитувчи” лавозимларига тенглаштирилади.
– 2026 йилдан бошлаб директор ва ўринбосарлар учун KPI (самардорлик кўрсаткичлари) асосида қўшимча устамалар (10–20%) белгиланади.
– Барча тўловлар учун молиялаштириш 2025-йилги бюджет доирасида бошланиб, 2026 йилдан бошлаб Давлат бюджети орқали давом эттирилади.
Қўшимча тартиблар:
6 та илова орқали меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, базавий ставкалар, устамалар, халқаро дастурлар бўйича тўловлар аниқ ва очиқ белгиланган.
3 ой ичида академик лицей ва техникумлар ходимларининг янги намунавий штатлари тасдиқланиши белгиланган.
Қарор ижроси устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирига юкланган.
Эслатма, айни пайтда мазкур қарор жамоатчилик муҳокамасида. Сиз ҳам regulation.adliya.uz орқали танишиб, фикр билдиришингиз мумкин.
