Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан меҳнат қонунчилиги энг кўп бузилиш ҳолатлари кузатилган давлат идоралари таҳлил қилинди ҳамда жорий йилнинг 26 июнь куни меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидовга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Маълумотларга кўра, меҳнат қонунчилигининг энг кўп бузилиш ҳолатларига бир нечта давлат идоралари қатори Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида ҳам йўл қўйилган.
Хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида 2024 йилда ишга тиклаш, иш ҳақи ундириш ва бошқа меҳнат низолари билан боғлиқ судларда кўрилган жами 2 078 та фуқаролик ишининг 1 364 таси (66 фоиз) қаноатлантирилиб, тизимда меҳнат қонунчилиги нормалари бузилиши оқибатида даъвогарлар фойдасига 14 млрд сўм иш ҳақи ҳамда қўшимча 2,5 млрд сўмлик мажбурий прогул учун ҳақ ва маънавий зарарлар ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Ушбу тизимда Сурхондарё (294 та), Қашқадарё (269), Фарғона (262), Самарқанд (246), Навоий (174), Тошкент (152) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (144) меҳнат қонунчилигини энг кўп бузилишига йўл қўйилган.
Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 7 июлдаги 109-к-сонли буйруғига кўра мактаб директори лавозимида ишлаб келган И.Эшанов билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси биринчи қисми 2-бандига (меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиш) асосан бекор қилинган.
Унга кўра иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимни ишга жойлаштириш имконияти бўла туриб, бундай чора кўрилмаган. Олий суднинг 2024 йил 14 июндаги ажрими билан И.Эшанов Қўнғирот тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 33-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига ишга тикланган ва унинг фойдасига 60 млн сўм иш ҳақи ундириш ҳақида қарор қабул қилинган.
Аксарият ҳолларда давлат ташкилотлари ва идоралари раҳбарлари томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган ходимларни ишга тиклаш бўйича суд қарорлари ижросини ўз вақтида бажармасдан, узоқ вақт пайсалга солиб келиниши нафақат фуқароларнинг норозилигига, балки ходимларга қўшимча тўловлар ҳам тўланишига сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, фуқаро Д.Исламова Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Таълим сифатини мониторинги бошқармаси бошлиғи лавозимига фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2023 йил 4 август кунидаги қарорига кўра ишга тикланган.
Бироқ иш берувчи томонидан суд қарори ижроси ўз вақтида ижро этилмаганлиги боис у судга мажбурий прогул учун иш ҳақини ундириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилишга мажбур бўлган. Оқибатда фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг 2024 йил 23 декабрдаги қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан Д.Исламованинг фойдасига 294 млн сўм иш ҳақи ва 20 млн сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.
Бу эса, ҳақли эътирозлар кўпайишига, адолатсизликлар юзасидан фуқаролар шикоятлари сони кескин ортишига сабаб бўлган.
Таъкидланишича, суд орқали ишга тикланган айрим ходимлар давлат ташкилотлари раҳбарлари томонидан ўз ишига тикланган бўлсада, кейинчалик яна такроран ноқонуний равишда ишдан бўшатиш ҳолатлари кузатилган. Ушбу ходимлар суд орқали такроран ўз ишига тикланиши оқибатида давлат ташкилотидан ходим фойдасига ундирилаётган суммалар миқдори ошган.
Олий Мажлисининг Сенати қарорида айтилишича, 2024 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан меҳнат қонунчилигига оид 7 578 та мурожаат келиб тушган.
Эндиликда, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Захидов парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2025 йилнинг 30-центабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ёзма жавоб тақдим этиши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги берган маълумотларга кўра, 2024 йилда меҳнат қонунчилигининг энг кўп бузилиши ҳолатлари мактабларда (5 612 та), ундан кейинги ўринда мактабгача таълим муассасаларида (2 173 та) кузатилган.
2023 йилда меҳнат қонунчилиги энг кўп бузилган соҳалар бўйича Мактабгача ва мактаб таълими тизими «биринчиликни» эгаллаган.
