Энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.
Бу ҳақда 2024 йил 6 май куни Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимотда айтилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисида»ги Низомда талабалар орасида грантни қайта тақсимлаш тартиби кўрсатиб ўтилган.
Ушбу тартибни қўллаш 2024/2025-ўқув йилида талаба бўлганлардан бошланади.
Ушбу тартиб магистратура босқичда ўқиётган талабаларга ҳам тегишли ҳисобланади ва давлат гранти улар орасида ҳам қайта тақсимланади.
Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг грант ўрни таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда қуйидаги ҳолатларда инобатга олинмайди:
– қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқиши давлат гранти асосида тикланиши мумкин бўлган талабалар четлаштирилганда; — талаба белгиланган тартибда академик таътил олганда;
— талаба академик мобиллик дастурлари асосида ҳамкор олий таълим ташкилотида таҳсил олиш учун бир ўқув йилидан кўп бўлмаган муддатга кетганда.
Ушбу бандда кўрсатилган тоифага кирувчи талабалар белгиланган тартибда ва муддатларда ўқишни давом эттириш учун қайтганда, навбатдаги таълим грантларини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этиши мумкин.
Таълим грантига талабгорлар учун олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида онлайн рўйхатдан ўтиш ва эришган ютуқларини асословчи ҳужжатларни юклаш имконияти яратилади.
Шунингдек, грантга даъвогар талабаларнинг жорий ўқув йилида ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича GPA кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади. Ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича муайян ўқув йилидаги GPA кўрсаткичи 3,5 дан паст бўлган талабаларнинг таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этишига рухсат этилмайди.
Аммо, бундай талабалар кейинги ўқув йили учун ўтказиладиган таълим грантининг қайта тақсимотида иштирок этишлари мумкин бўлади. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилади ва мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда баҳоланади ҳамда ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади.
Таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан аниқланади ва 20 баллик мезонда баҳоланиб, ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларни баҳолаш натижалари ҳар йили 1 августга қадар Махсус комиссияга тақдим этилади.
Тақдим этилган маълумотлар асосида Махсус комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг натижалари умумлаштирилиб, уларнинг рўйхати баллар кетма-кетлиги бўйича шакллантирилади. Таълим грантига талабгорларнинг энг кўп тўплаши мумкин бўлган максимал балл 100 баллни ташкил этади.
Муҳим! Белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида бир хил натижа кўрсатган талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичига устуворлик берилади. Яъни, икки талабанинг натижаси тенг бўлса, улар орасидан академик ўзлаштириши юқори бўлган бири грантга эгалик қилиши мумкин бўлади. Белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида ҳам, талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичида ҳам бир хил натижа аниқланган ҳолатда мазкур талабгорлар учун ўзлаштирилган семестрларда ўтилган мутахассислик фанларидан тест синовлари ўтказилади.
Бунда тест синовларини ўтказиш муддатлари ва тартиби, тест саволлари сони ва баҳолаш мезонлари олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланади. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Махсус комиссиянинг фаолияти натижалари (талабгорларнинг аниқланган кўрсаткичлари) мунтазам равишда олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Эслатма! Давлат грантида ўқиш учун олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқалионлайн ариза бериш 20 июлга қадар давом этади.

