Олий таълим вазири пора билан ушланаётган ходимларга мутлақо тоқат қилмаслигини билдирди

Олий таълим вазири пора билан ушланаётган ходимларга мутлақо тоқат қилмаслигини билдирди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат билдирди. У ўқитувчи ва ходимларга жамиятга хизмат қилиш орқали билим ва тарбия беришни таъкидлаб, бундай жиноятларга умуман тоқат қилмасликни билдирди.

 

 

Аввалроқ, июль ойида Тошкент ва Фарғона ҳудудларида баъзи ўқитувчилар абитуриентларни ОТМга пора эвазига киритишга уринишгани ва шубҳали шахслар ашовий далиллар билан қўлга олинган эди.

 

«Вазирлик коррупцияга қарши муросасиз кураш тарафдори бўлиб, таълим соҳасида бундай жирканч ҳолатларга мутлақо тоқат қилмайди. Айниқса, бундай ҳолатлар давлатимиз раҳбари томонидан устувор йўналиш сифатида белгиланган ҳалоллик ва адолат тамойилларига зид бўлиб, жамиятда ишончсизликни юзага келтириш хавфини туғдиради», — деди у.

 

Вазир мазкур ҳолатлар мутлақо кечирилмас ва кескин қораловга лойиқ ҳаракатлар эканини қайд этиб, бундай ноқонуний уринишлар бутун олий таълим тизимига доғ туширишини таъкидлаган.

 

«Ҳурматли ўқитувчилар ва соҳа вакиллари! Биз сизлардан билим ва тарбия бериш орқали жамиятга хизмат қилишни кутамиз, жиноят содир этишни эмас. Ҳар бир педагог бу муқаддас касб ортида юрт келажаги, инсон тақдири турганини чуқур ҳис қилиши керак», — деб қўшимча қилди вазир.

 

Конгратбай Шарипов, ҳар бир раҳбар ва ходим коррупцияга қарши шахсий масъулият билан ёндашиши ва фақат қонун доирасида иш юритиши кераклигини таъкидлаган.

 

 

Шунингдек, мутасадди таълим тизимдаги ҳар бир раҳбар ва ходим коррупцияга қарши шахсий масъулият билан ёндашиши, бу борада фақат қонун доирасида фаолият юритиши шартлигини эслатиб ўтди.