Forbes Education: «Тилни тушунмаслик — тўхташ учун сабаб эмас»

Forbes Education: «Тилни тушунмаслик — тўхташ учун сабаб эмас»

Хорижий тилни ўрганишда турли усуллар мавжуд. Улардан бири — севимли фильм ва сериалларни оригинал тилда томоша қилишдир. Бу усул мароқли ҳам, фойдали ҳам. Бироқ шунчаки фильм кўришнинг ўзи етарли эмас. Forbes Education кино орқали тил ўрганишни самаралироқ қилиш учун етти муҳим тавсияни тақдим этган.

 

 

1. Шошилманг

 

 

Агар тилни энди ўрганаётган бўлсангиз, фильмни таржимасиз кўришга шошилманг. Чунки ҳали луғат бойлигингиз етарли бўлмагани сабабли тушуниш қийин бўлади. Мутахассислар фильмни бемалол тушуниш учун камида 3 000 та сўз билишни тавсия қилади. Бошланишда дарсликлар, ўқув видеолари ва мослаштирилган матнлар билан ишлаш анча фойдалироқ.

 

 

2. Талаффузни ривожлантиринг

 

 

Кўплар хорижий тилни эшитиб тушунишда қийналади, чунки аутентик нутқда сўзлар бир-бирига уланади, баъзи товушлар тушиб қолади ёки ўзгаради. Ўзингиз мустақил шуғулланинг: фильмни ёқинг, қаҳрамонларнинг гапларини такрорланг, интонацияни тақлид қилинг.

 

 

Матнли нусха (скрипт) орқали ўзингизни текшириб туринг, шунда тўғри талаффуз қилаётганингизга ишонч ҳосил қиласиз. Тўғри талаффуз эшитиб тушунишни анча осонлаштиради.

 

 

3. Фойдали ибораларни ёзиб боринг

 

 

Фильмни субтитр билан кўринг. Масалан, ярим соатлик сериалдан камида 5 та иборани ёзиб олинг. Улар янги бўлмаслиги ҳам мумкин — ўзингиз ишлатишни истаган ибораларни танланг. Кейин ўша эпизодни субтитрсиз қайта кўриб, янги ибораларни тинглаб тушунишга ҳаракат қилинг.

 

 

Бу луғат бойлигини оширади ва эшитиш кўникмасини мустаҳкамлайди. Агар имконингиз бўлса, фильм ҳақида хорижий тилда пост ёзинг ва янги иборалардан фойдаланинг.

 

Forbes Education: «Тилни тушунмаслик — тўхташ учун сабаб эмас»

 

4. Юксак мақсадлар қўйинг

 

 

Тушунмаслик — тўхташ учун сабаб эмас. Ҳар сафар воқеаларнинг фақат умумий мазмуни билан чекланиб қолманг, деталларга эътибор беринг. Мақсад — хорижий тилдаги фильмни она тилингиздагидек эркин ва тушуниб кўришдир. Бу мутлақо мумкин. Агар фильмнинг асосий қисмини субтитрсиз тушунаётган бўлсангиз, улардан воз кечинг. Тез-тез ишлатиладиган ибораларни ёзиб боринг. Фильмга хазина яширинган ғор сифатида қаранг ва ундан қўлингизни бўш қайтарманг.

 

 

5. Қайта-қайта кўринг

 

 

Фильмни бир марталик кўриш билан чекланиб қолманг. Уни бир неча бор кўринг: субтитр билан ва субтитрсиз. Қизиқарли ибораларни ёзиб боринг. Ўзингизга турли вазифаларни беринг: масалан, беш ҳазил, уч эркаловчи мурожаат ёки янги феълларни ёзиб олиш. Ҳар бир қайта кўриш эшитиш кўникмангизни кучайтиради.

 

 

6. Турли жанрларни танланг

 

 

Тилни мукаммал билиш учун турли вазиятлардаги нутқ услубларини билиш муҳим. Шу сабабли турли жанрдаги фильмларни кўринг: комедиялар, детективлар, суд жараёнлари ёки опера ҳақидаги сериаллар. Қаҳрамонларнинг қаерда, қандай оҳангда гапираётганига эътибор беринг.

 

 

Тил бойлигингизни кенгайтиринг. Ҳаётда бу услубларнинг барчасини ишлатмасангиз ҳам, улар тилни чуқур тушунишга ёрдам беради. Чунки маъно нафақат нимани гапираётганимизда, балки уни қандай айтаётганимизда ҳам яширинади.

 

 

7. Фильмни кўрдингизми? Энди ўқинг!

 

 

Фильмни кўрдингиз ва у сизга ёқдими? Ундан кейин у ҳақда нима ёзилганини ўқинг. Актёрлар билан интервьюларни топинг. Балки севимли қаҳрамонларингиз ҳақида фанфиктлар ҳам ёзилгандир? Бундай қўшимча материалларни ўқиш фильм ҳақидаги билимларингизни кенгайтиради ва яна фильмда ишлатилган луғатни эслатади.

 

Forbes Education: «Тилни тушунмаслик — тўхташ учун сабаб эмас»

 

Фильмни муҳокама қилишда иштирок этинг, шарҳ ёзинг, изоҳларга жавоб беринг. Ўқитувчингиз ёки хорижий дўстларингиз билан фильм ҳақида суҳбатлашинг — бу янги ўрганган тил материалини амалиётда қўллаш имконини беради ва нутқингизни бойитади.

 

 

Хулоса: фильм ва сериаллар тил ўрганишда кучли восита ҳисобланади. Лекин уларни шунчаки фон сифатида кўриш билан чегараланманг. Уни ўзингизга устоз ва ёрдамчи қилинг. Нутқни эшитиб тушунишни ривожлантиринг, талаффуз устида ишланг, фойдали ибораларни ёзиб боринг ва улардан фойдаланинг.