Ўзбекистонда энди ҳар бир тарбиячи фаолияти касбий стандарт асосида баҳоланади

Ўзбекистонда энди ҳар бир тарбиячи фаолияти касбий стандарт асосида баҳоланади

2025 йил 8 июль куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан мактабгача таълим ташкилоти педагогларининг касбий стандартларини тасдиқлашга оид қарор қабул қилинди.

 

 

Мазкур қарор Президентнинг 2024 йил 30 сентябрдаги ПФ-152-сонли Фармони ижросини таъминлаш доирасида қабул қилинган бўлиб, таълим тизимида муҳим ислоҳотлар босқичига асос солди.

 

 

Янги стандарт мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларга педагогнинг шахсий фазилатлари (масъулиятлилик, ижтимоий фаоллик, ахлоқий маданият ва бошқалар), касбий билимлари ва кўникмалари, амалда қўлланиши лозим бўлган компетенциялар сингари асосий йўналишлар бўйича аниқ мезонлар белгилайди.

 

 

Стандарт таркиби касбий стандартнинг асосий тамойиллари, стандартни таълим ташкилотлари фаолиятида қўллаш тартиби (1), педагоглардан кутиб олинадиган билим (2) ва кўникмалар мезонларини (3) ўз ичига олади.

 

 

Қарорга мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини икки ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштириши белгилаб қўйилган.

 

 

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ. Х. Умарова зиммасига юклатилган.

 

 

Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандартида, педагогик фаолиятнинг асосий мезонлари, касбий этикаси, билим, кўникма ва малака доиралари билан бирга педагог ва ташкилотлар зиммасидаги аниқ вазифалар ҳам белгиланмоқда.

 

 

Стандартга кўра, мактабгача таълим ташкилотида фаолият юритувчи педагоглар: сифатли таълим-тарбия муҳитини яратиш, ҳар бир боланинг шахсий хусусиятларини инобатга олиш, инклюзив таълимни ташкил этиш, муаммоли вазиятларни ҳал қилишда методик ёндашувлардан фойдаланиш каби асосий тамойилларга амал қилиши зарур.

 

 

Касбий стандартда қуйидаги тушунчалар алоҳида таъкидланади:

 

Билим – педагогнинг меҳнатга оид фаолиятни олиб бориш учун зарур бўлган назарий тайёргарлиги.

Кўникма – иш жараёнида амалий фаолият орқали шаклланган ҳаракатлар мажмуи.

Малака – касбий вазифаларни мустақил ва самарали бажариш даражаси.

 

 

Кимлар учун мўлжалланган?

 

Касбий стандарт: мактабгача таълим педагоглари (тарбиячи, психолог, дефектолог, логопед), методистлар, таълим ташкилотлари раҳбарлари, олий таълим муассасалари ва аттестация органлари томонидан асосий мезон сифатида қўлланилади.

 

 

Кимлар қандай фойдаланади?

 

Педагог: ўз фаолиятини баҳолайди, касбий ривожланишни режалаштиради, натижаларни янги шароитларга мослаштиради.

 

Таълим ташкилоти: педагогларни ишга қабул қилиш ва шартномалар тузишда, малака ошириш жараёнини ташкил этишда, кадрлар сиёсатини шакллантиришда фойдаланади.

 

Касбий ва олий таълим ташкилотлари: малака талабларига мос ўқув дастурлар ишлаб чиқади, педагогларнинг назарий ва амалий тайёргарлигини баҳолайди.

 

Давлат органлари: касбий тайёргарлик сифатини назорат қилади, лавозим йўриқномалари ва аттестасиялаш тизимини такомиллаштиради, мониторинг олиб боради.

 

Қарор билан тўлиқ танишиш.