Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи энди корейс тилига таржима қилинди

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи энди корейс тилига таржима қилинди

Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг машҳур «Ўткан кунлар» романи корейс тилига таржима қилинди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

 

 

Мазкур асар таржимасини Жанубий Кореянинг Кемёнг университети профессори Ким Чунг Сун амалга оширган бўлиб, уни таржима қилиш ва нашрга тайёрлаш жараёни қарийб 2,5 йил давом этган. «Ўткан кунлар» асари «아팠던 시간들» деб таржима қилган.

 

 

Таржимани янада мукаммал қилиш мақсадида профессор Ким Чунг Сун 2024 йил 21-31 март кунлари Ўзбекистонда бўлиб, Тошкент, Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида роман воқеалари кечган жойларни кўздан кечирган. Шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессор-ўқитувчилари билан учрашиб, асарни таржима қилиш бўйича фикр алмашган.

 

 

Жанубий кореялик таржимон, шунингдек, Абдулла Қодирийнинг невараси Хондамир Қодирий билан суҳбатлашиб, ёзувчи ҳаёти ва ижодий жараёни ҳақида маълумотларга эга бўлган.

 

 

Яқинда ўтказилган Сеул шаҳрида ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Жанубий Корея парламенти ва ҳукумат вакиллари, вазирликлар, оммавий ахборот воситалари, дипломатик корпус аъзолари иштирок этган.

 

 

Профессор Ким Чунг Сун Сеул шаҳрида ушбу китобнинг тақдимотидаги нутқида «Ўткан кунлар» романини нафақат тил жиҳатидан, балки қалбан ва руҳан ҳис қилиб таржима қилганини билдирган. У асар ўзбек халқининг бой адабий мероси ва маданий қадриятларини дунёга танитишда муҳим ўрин тутишини қайд этган.

 

 

Маълумот учун, ʼʼЎткан кунларʼʼ асарининг таржимаси «아팠던 시간들» ҳозирги вақтда Жанубий Кореянинг онлайн дўконларида 27 000 вонга ўзбек сўмида 247 800 сўмга сотув қўйилган.

 

Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи энди корейс тилига таржима қилинди