Ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига давлат олий таълим ва илмий ташкилотларда молиявий ресурслардан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2025 йил 12 июндаги 362-сон қарори қабул қилинди.
Унга кўра:
– олийгоҳларда хорижий тиллар бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга профессор-ўқитувчиларнинг чет тилида махсус ўқув фанларини ўқитганлик учун лавозим маошларига 100 фоизигача бўлган миқдорда ойлик устамалар белгиланиши мумкин (чет тиллари, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари ўқитувчилари бундан мустасно);
– доцент лавозимига бир муддатга қабул қилинган профессор-ўқитувчиларга мос равишда «Dotsent» бўлимида назарда тутилган базавий лавозим маошлари тўланиши белгиланди;
– олийгоҳда фаолият юритаётган бошқа тоифадаги ходимларнинг иш ҳақига нисбатан устамаларнинг энг юқори миқдори 400 фоиздан ошмаслиги белгиланди.
Шунингдек, талабалар турар жойларини сақлаш ва эксплуатация қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан, бироқ БҲМнинг 3 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда субсидия ажратиш орқали қоплаб борилади.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида жамоат транспорти бекатларига яқин бўлган лицей, техникум ва олий таълим ташкилотларининг бўш турган майдонлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ўқитиш учун тадбиркорлик субъектларига ўқув марказларини ташкил этиш мақсадида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали танлов асосида ижарага берилади.
