DAAD (Deutscher Akademischer Austauschdienst) бакалавр босқичини тугатган ёки унинг сўнгги босқичида ўқиётган барча талабаларга 2026-2027 йилларда Германия университетларининг магистратура босқичида ўқишни давом эттириш учун мўлжалланган «Study Scholarships — Master Studies for All Academic Disciplines» грант дастурини тақдим этади.
Дастур танланган курс давомийлигига қараб 10 ойдан 2 йилгача давом этади. Дастурга қабул қилинганлар Германияда бепул ўқиш билан бирга, ойлик стипендия ва турар жой билан ҳам таъминланадилар.
Дастур доирасида мусиқа, амалий санъат, кино, дизайнерлик, архитектура, актёрлик йўналишидан бошқа (чунки бу йўналишлар учун алоҳида DAAD грантлари мавжуд) барча йўналишлар доирасида ариза бериш мумкин.
Дастурга қабул ҳар йили 31-октябрга қадар давом этади.
Талаблар:
— бакалавр босқичини тугатган бўлиши ёки дастур бошлангунга қадар (2026) тугатиши керак;
— танлаган университети қабул талабларига жавоб бериши (тил талаблари шулар жумласидан);
— Германияда ариза топшириш вақтида 15 ой ва ундан ортиқ вақт давомида яшаб келаётган бўлмаслиги керак.
Тил бўйича талаблар:
Номзодлар дастур бошлангунига қадар танланган университет талабларига мос келадиган таълим тилини билиши керак. Агар ариза топшириш пайтида университет томонидан талаб қилинадиган тил кўникмаларига ҳали эга бўлмаса, қўшимча тил курслари ҳам молиялаштирилиши мумкин.
Фойдали томонлари:
— ойлик €992 стипендия;
— Германияга бориш ва қайтиш учун саёҳат харажатлари + суғурта қопланади;
— ўқиш бошлаган пайтда бир марталик ёрдам пули берилади (€460);
Ҳужжат топшириш:
1. Ушбу ҳавола орқали DAAD порталидан рўйхатдан ўтиш;
2. Ўқиш йўналишлари ва университетларни аниқлаб олиш (ушбу ҳавола орқали топиш мумкин);
3. DAAD порталида онлайн ҳужжат топшириш.
Ҳужжат топшириш бўйича йўриқнома билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин:
Керакли ҳужжатлар:
1. Онлайн ариза шакли (Университетлар рўйхати. ўқимоқчи бўлган фанлари ва дарс бошланиш саналари акс этади).
2. Тавсиянома (Академик фаолият билан шуғулланувчи, номзодни яхши билан устози ёки бирор ўқитувчидан олиш тавсия этилади. Тавсиянома хати DAAD порталидан рўйхатдан ўтгач, REQUEST for REFERENCE FORM деган бўлимдан юклаб олинади. Бу тайёр шаблон қолипидаги ҳужжат бўлиб, уни электрон тўлдириш, принтердан чиқариб тавсиянома берувчига имзолатиш лозим. Сўнг ҳужжат яна сканерланади ва порталга юкланади).
3. Бакалавр дипломи (агар бўлса) ва баҳолар таржимаси инглиз тилига ўгирилиб, сканерлаб топширилади (академик лицей ёки коллежники ҳам таржима билан топширилиши керак).
4. 3 бетдан ошмаган CV (europass форматида қилиниши керак).
5. Мотивация хати (2 бетдан оширмаслик тавсия қилинади. Номзод мотивация хатини имзолаши керак. Электрон имзони ишлатишга рухсат берилган).
6. Тил сертификати (Германияда дарслар ёки тўлиқ инглиз, инглиз-немис, ёки тўлиқ немис тилида ўқитилади. Шунинг учун исталган университет барибир номзоддан тил сертификатини талаб қилади. Сертификат даражаси эса университетга боғлиқ. Агар номзод умумий ариза бериш вақтида ҳали тил сертификатига эга бўлмаса ёки янгилаш арафасида турган бўлса, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига хабар бериб қўйгани маъқул).
Эслатма: Барча ҳужжатлар PDF форматида сақланиши керак! Фақат PDF файлларни порталга юклаш мумкин.
Агар керак бўлса, таржималар асл тилда чиқарилган ҳужжат билан бирга юкланиши керак.
