Кўплаб ота-оналар фарзандини мактабга тайёрлашга бор кучини сарфлайди. Педагоглар, психологлар, қариндошлар, ҳатто бошқа ота-оналар билан маслаҳатлашади. Бироқ барибир асосий савол очиқ қолади: боланинг мактабга тайёргарлиги етарлими? Айниқса, бола нутқида муаммолари бўлса, бу савол янада долзарб бўлади.
Мактабга тайёргарлик — фақат билим даражаси эмас. Бу боланинг ақлий ривожланиши, билим олишга тайёрлиги, ижтимоий мулоқот кўникмалари, ўзини бошқариш қобилияти ва бошқа кўплаб жиҳатларни ўз ичига олади.
Ўқитувчилар кўпроқ ўқув дастурини ўзлаштириш учун керак бўлган кўникмаларга урғу берса, психологлар боланинг ҳиссий-руҳий ва мотивацион жиҳатларини муҳим деб ҳисоблашади.
Болада мактабга боришга бўлган иштиёқ кўпинча ўзини «мактаб ўқувчиси» сифатида тасаввур қила бошлаши билан боғлиқдир. Ҳатто дафтар муқовасидаги расм, янги ручка, рюкзак танлаш ҳам боланинг руҳий тайёргарлигига таъсир кўрсатади.
Агар боланинг нутқида нуқсони бўлса — бу унинг мактаб ҳаётига мослашишини қийинлаштиради. Сўз бойлиги камлиги, грамматикани ўзлаштиришдаги қийинчиликлар, фикрни изчил ифодалашдаги муаммолар, товушларни нотўғри талаффуз қилиш — буларнинг барчаси таълим жараёнига салбий таъсир қилади.
Психолог ва дефектологлар амалиётида шундай болаларда дарсга тайёргарликнинг паст даражада эканлиги кузатилади. Бола ўқитувчи билан ёки бошқа болалар билан мулоқотда қийналади, оддий савол бериш ёки саволга жавоб топиш унга мураккаб туюлади. Ҳар бир дарс ҳолати гўёки янгиликдек кўринади, лекин ҳар доим ҳам фойдали бўлмайди.
Қуйида 1-центабргача амалга оширилиши лозим бўлган 8 муҳим тавсияларни кўриб чиқамиз:
1. Болангиз билан доим суҳбатлашинг
Ҳаракатларингизни изоҳлаб гапиринг: нима қиласиз, нима учун, қандай режа бор, натижани қачон кутиш мумкин. Аввал сиз гапиринг, кейин болани савол ва изоҳ беришга чорланг.
2. Болага китоб ўқиб беринг
Унга ёқадиган мавзудаги китоблар бўлсин. Ўқигандан сўнг расм ва матнни бирга муҳокама қилинг, расм ва воқеаларни солиштиринг. Бу тафаккурни ривожлантиради.
3. Гапини охиригача эшитинг
Ҳеч қачон болангизнинг гапини бўлманг. Бу унинг ўз фикрини эркин ифодалашига ёрдам беради. Ҳатто нотўғри ёки чалкаш гапирса ҳам, сабр билан эшитинг, сўнг аниқлаштирувчи саволлар беринг.
4. Қоидали ўйинларни бирга ўйнанг
Масалан: лото, домино, стол ўйинлари. Қоидаларни тушуниш ва унга амал қилиш — бу ўзини бошқариш кўникмаларини ривожлантиради. Ўйин жараёнида навбат кутиш, ютқазишни қабул қилиш, стратегик фикрлаш каби жиҳатлар шаклланади.
5. Кузатиш ва табиат билан ишлаш
Бола тирик ва жонсиз табиатдаги ҳодисаларни кузатиб, сабаб-оқибат боғлиқлигини кўра олиши керак. Масалан, пиёз экиб ўсишини кузатиш, уруғ сепиш — бу амалий тажрибани шакллантиради.
6. Рақамлар, шакллар ва фазовий тушунчаларни ўргатинг
0 дан 9 гача рақамлар, оддий арифметик мисоллар, геометрик шакллар, кун даври, ҳафта кунлари, фасллар ҳақида суҳбатлашинг. Ўйин орқали ўргатиш айниқса самарали бўлади. Масалан: «Нима чапда, нима ўнгда?», «Нечта олма олдик?»
7. Сўз ўйинлари ўйнанг
Синоним, антоним, кўп маъноли сўзлар устида ишланг. Сўз бойлиги ортган сари бола эшитганини тезроқ тушунади ва янги билимларни ўзлаштиради.
8. Ҳар бир қадамни ижобий руҳда кузатинг
Ота-онанинг сабр-тоқати, меҳрибонлиги ва рағбатлантириши бола учун катта ёрдамдир. Шошманг ва болани бошқа тенгдошлар билан солиштирманг.
Болаларни мактабга тайёрлаш янада кўпроқ меҳнат ва сабр талаб қилади. Аммо тўғри ёндашув билан бола ўз имкониятларини тўлиқ намоён қила олади. Муҳими — уни тушуниш, қўллаб-қувватлаш ва ривожланишига ёрдам беришдир.
