Олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларга 2025/2026 ўқув йили учун 2 000 та давлат гранти тақсимоти давлат комиссиясига тақдим этилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Раҳима Мирхолиқова маълум қилди.
Унга кўра, давлат гранти асосидаги қабул параметрларига қўшимча 2 000 та давлат грантидан 402 таси аниқ ва табиий фанлар йўналишига, 81 таси техника фанлари йўналишига, 524 таси тиббиёт фанлари йўналишига, 993 таси бошқа йўналишларга тақсимланган.
2025 йил 30 майдан 8 июнга қадар 2 516 нафар талабгор хотин-қизларнинг аризалари tavsiyanomа.ijro.uz платформаси орқали қабул қилинган.
Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этишлари учун жами 14 099 нафар талабгорларга тавсиянома берилган.
Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун 500 та квота ажратилган. Бу йил шу квоталар учун 3 856 нафар талабгорларга тавсиянома берилган.
5 915 нафар талабгорларнинг ҳужжатлари Низомда белгиланган мезонларга мувофиқ келмаганлиги сабабли тавсиянома бериш рад этилган.
