Имтиҳонларга тайёрланишда 5 муҳим маслаҳат

Имтиҳонларга тайёрланишда 5 муҳим маслаҳат

Бугунги кунда имтиҳонларга тайёрланиш жараёни кўпчилик учун катта стресс манбаи бўлиб қолмоқда. Ёдлашга кўп вақт сарфланади, аммо билимлар керакли вақтда ёдга келмай қолади. Бундай ҳолатлар кўплаб талабаларда учрайди. Нейрофизиолог Антон Захаров бу муаммонинг илдизини инсон мияси ва хотирасининг табиий хусусиятларидан излаш кераклигини маълум қилди.

 

 

Хотира қандай ишлайди?

 

Инсон хотираси компьютер хотирасидан фарқ қилади. Компьютерда маълумотлар қандай ёзилган бўлса, шундайлигича эслаб қолади. Инсон эса эслаш жараёнида маълумотни миядан чиқаради, қайта ишлайди ва яна «сақлайди» — бу вақтда эса маълумот ўзгариши мумкин. Шу сабабли инсон хотираси хатоларга мойил ҳисобланади.

 

 

Хотирани мустаҳкамлаш учун у билан онгли ишлаш, эслаб қолинган маълумотларни вақтида текшириб, тўғрилаб бориш керак. Маълумотлар билан ишлаганда ҳиссиётларнинг ҳам катта аҳамияти бор — қувонч, ажабланиш, ғазаб ёки қўрқув каби ҳиссиётлар янги нейрон боғланмаларнинг шаклланишига таъсир кўрсатади.

 

 

Кўпчилик ўқишни қийин жараён деб ўйлайди. Аслида, бу нотўғри. Янги билим олишдан завқлансак, мияда ижобий жараёнлар кучаяди. Ўқиш ёқимли бўлади. Ёд олиш тезлашади. Ҳатто чарчоқ ҳисси камроқ сезилади.

 

Нейрофизиолог Антон Захаров имтиҳонларга самарали тайёргарлик кўриш учун қуйидагича маслаҳат беради:

 

 

1. Фаол ёдлаш усулидан фойдаланинг

 

Матнни қайта-қайта ўқиш унчалик фойда бермайди. Яхшиси — эслаган нарсангизни баланд овозда гапириб чиқинг, сўнг матнга қайтиб, тўғрилигини текшириб, яна қайта ҳикоя қилинг. Бу усул мияни фаол ишлашга мажбур қилади.

 

 

2. Уйқуга эътибор қаратинг

 

Билимлар қисқа хотирадан узоқ муддатли хотирага айнан тунда, уйқу вақтида ўтади. Шу сабабли тунлари ёд олиш самарасиз бўлади, ҳаттоки, кечаси ухламаслик ёдланган нарсанинг умуман хотирада сақланмаслигига олиб келади.

 

 

3. Билимларни узоқ муддатга ёдда сақлашни режаланг

 

Агар мақсад узоқ муддатли билим бўлса, ҳар куни 15 дақиқадан ёд олишни одатга айлантириш керак.

 

 

4. Интерваллик такрорлаш усулини қўлланг

 

Такрорлаш орасидаги вақтни аста-секин ошириш керак. Мия аввал янги нарсани тез ўрганади. Лекин тезда унутади. Орадан вақт ўтгани сайин, унутиш секинлашади.
Масалан, янги сўзларни ёдлаяпсиз. Уларни эртаси куни такрорланг. Кейин икки кундан кейин. Кейин тўрт кундан сўнг. Сўнг саккиз кун ўтгач. Бу усул билан ёдлаш анча осонлашади.

 

 

5. Жисмоний фаолликни оширинг

 

Жисмонан соғлом одам маълумотни яхшироқ эслайди. Спорт билан шуғулланиш мияда кислород оқимини яхшилайди. Бу эса эслаб қолиш жараёнини тезлаштиради. Шунинг учун имтиҳон пайтида спортни ташламанг. Аксинча, унга вақт ажратинг. Ҳар куни 10 минг қадам, 15 дақиқа бадантарбия ёки йога кифоя. Шу билан мия ҳам, тана ҳам тетик бўлади.

Мия биз ўйлагандан мураккаброқ ишлайди. Имтиҳонларда муваффақият — нафақат кўп ўқишда, балки тўғри ўрганишдадир. Миянинг қандай ишлашини билсангиз, ўқиш ҳам енгиллашади, билим ҳам узоқ сақланади.