Энди Қирғизистонда давлат тилини билмаган мансабдор шахслар жаримага тортилади

Энди Қирғизистонда давлат тилини билмаган мансабдор шахслар жаримага тортилади

 

Қирғизистон парламенти қирғиз тилини билиш амалдорлар, судьялар, хавфсизлик кучлари ва ҳатто муҳожирлар учун мажбурий бўлган қонун лойиҳаларини маъқуллади. Бу ҳақда Оrda.kz хабар берди.

 

 

24.kg нашрининг ёзишича, Жогорку Кенеш маҳаллий парламенти қирғиз тилининг қўлланилишига оид тузатишлар пакетини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилган. Энди давлат тилини билиш бир қатор касб ва лавозимлар учун мажбурий шартга айланади.

 

 

Бунда депутатлар, вазирлар, барча даражадаги судьялар, прокурорлар, терговчилар, Миллий банк ходимлари, хавфсизлик кучлари ва миллий хавфсизлик органлари ходимларидан қирғиз тилини билиш талаб этилади. Тегишли тил даражасига эга бўлмаган адвокатлар ва нотариусларга лицензия берилмайди.

 

 

Бундан ташқари, агар чет эллик қирғиз тилини билмаса, унга яшаш гувоҳномаси ёки иммигрант мақоми берилиши рад этилиши мумкин.

 

 

Бу каби ўзгаришлар ОАВга ҳам таъсир кўрсатган. Энди қирғиз тилидаги эшиттиришлар умумий телерадиоконтент ҳажмининг камида 60 фоизини ташкил этиши керак. Бундан ташқари, давлат тилидаги реклама матнлари энди имло ва тил меъёрларига мувофиқлиги бўйича маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилиши кераклиги таъкидланган.

 

 

Шунингдек, янги талабларни бузганлик учун жарималар белгиланган. Яъни фуқаролар учун беш минг сом (тахминан 29 500 тенге), ташкилотлар учун эса 17 минг сом (қарийб 100 500 тенге).

 

 

Назорат ва жазолаш масъулияти Давлат тили ва тил сиёсати бўйича миллий комиссия зиммасига юклатилган. Қабул қилинган нормалар, ташаббус муаллифларининг сўзларига кўра, қирғиз тилининг мавқеини мустаҳкамлашга, давлат ва жамият соҳаларида ундан кенг фойдаланишга қаратилган.