Аввалроқ, 20 июнь куни Қашқадарё вилояти Косон туманидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасида 2,5 ёшли қизалоқ вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, марҳуманинг бувиси қизалоқнинг отаси Россияда эканини таъкидлаган.
«Онаси билан поликлиникага бордик. Шифокорлар болада ҳаёт нишони йўқ эди дейишди ва у экпертизага олиб кетилганини айтишди. Уйга бориб кутиб ўтирдик. Кейин хабар бўлгач экспертизадан мурдасини олиб келдик. Бизга бола машинада қолиб, димланиб ўлган дейишди. Бизни ҳозирча ҳеч ким ҳеч қаерга чақиргани йўқ», — деган Kun.uz га қизалоқнинг бувиси.
Ҳолат бўйича, Республика Бош прокурорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Хаёт Шамсутдинов расмий маълумот берди.
Қашқадарё вилояти Косон туманида мактабгача таълим тарбияланувчиси вафот этганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.
«Марҳума қизнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Марҳуманинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдирамиз», — дейилади хабарда.
