Ўзбекистонда май, июнь ойларида инглиз тили даражаси бўйича халқаро сертификат — IELTS учун имтиҳон топширганларнинг имтиҳон жавоблари қайта текширилиши, шу билан бирга айрим натижалар бекор қилиниши ҳолати кузатилган. Бу ўзгаришлар IELTS имтиҳонида тушадиган айрим топшириқларнинг жавоблари интернет тармоқларига сиздирилаётгани ва унинг сотувга чиқиб кетгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг 17 июнь куни IDP имтиҳон маркази ўзининг тармоқлардаги саҳифасида сўнгги пайтларда тест материалларининг ноқонуний савдоси авж олганини очиқлади. Ташкилот бу ҳолатни фақат қонунбузарлик эмас, ҳалоллик, таълим тизими ва келажак орзуларига хиёнат, деб атаган.
Бундан ташқари, ўқувчиларни имтиҳонга тайёрловчи Абдулазиз Саидалиханов Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини ўтказиш тақиқлаб қўйилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳавотирлари ҳақида Facebookʼда пост ёзди.
«Агар яна шу ҳолат юз берса бизда IELTS ёпилиб, ўқувчилар қўшни давлатларга ўтиб топширишга мажбур бўлиб қолишлари мумкин… Чора кўрилиши керак», деди у.
Имтиҳон жавоблари қайта текширилмоқда, бу абитуриентлар учун муаммо
Газета.уз нинг ёзишича, 2025 йилнинг 20 июнь куни мамлакатдаги имтиҳон олувчи Британия кенгаши (British Council) ва IDP (Edu-Аction Centre) ташкилоти 7 июнь санасида IELTS имтиҳонини топширган барча номзодларнинг натижалари Cаmbridge English томонидан IELTS имтиҳони қоидаларига асосан қайта текширишга олиб қолиниши ҳақида эълон берган (имтиҳон натижалари одатда 13 кунда чиқиши керак эди).
Натижаларини кутаётганлар қайта текширув жараёнлари тақдири нима билан тугашидан ҳозирча бехабар. Имтиҳон олувчилар текширув муддати қачон тугаши ҳақида аниқ маълумот бермаган. Бу хабар асосан инглиз тили сертификати билан ОТМга кириш имтиҳонларида енгиллик олишни режа қилган номзодларни хавотирга солган. Сабаби, мамлакатда ОТМга қабул жараёнлари 25 июнь куни якунланади.


IDP имтиҳон маркази май ойида ҳам мониторинг натижаларига кўра, баъзи натижаларни қўшимча текширув ва таҳлил учун ушлаб қолган. Ташкилотнинг Газетаъга маълум қилишича, бунга имтиҳон куни тартиб-қоидаларнинг бузилиши, номзодларнинг ғайриоддий ёки ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва бошқа шубҳали ёки ноодатий вазиятлар сабаб бўлиши мумкин.
ИЭЛТС қоидалари бузилгани аниқлангач, натижалар белгиланган тартибда бекор қилинган, номзодларга бу ҳақда хабар берилган. Имтиҳон топширувчилар ўрнатилган тартибда ўз позицияларини ифодалаш имкониятига эгалиги айтилган.
Имтиҳон жавоблари қаердан сизиб чиқяпти?
IELTS имтиҳонига «Тахмин қилинган саволлар»га жавобларни ёдлаб кираётганлар маълумотларни қаердан сотиб олгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ, Telegram мессенджерида имтиҳон жавобларини олдиндан беришни ваъда қилиб, турли эълонлар тарқатаётган айрим гуруҳ ва каналлар учрайди. Унда ёзилишича, маълум имтиҳон санасида эҳтимолий тушадиган топшириқларнинг жавоблари харидорларга сотилади.



Шунингдек, 2025 йилнинг февраль ойида Тошкентда IELTS имтиҳонига тайёрловчи ўқув маркази раҳбари Диёрбек Ҳайитмуродов билан суҳбатда имтиҳон материаллари қандай қилиб тарқалиши ҳақида сўраган. Ўшанда ўқитувчи дунёнинг бошқа минтатасида ишлатилган имтиҳон саволлари бошқа жойда яна тушиши эҳтимоли борлигини айтган.
«Имтиҳон олувчи тестларни бизга олдиндан бермайди. Бунинг иложи йўқ. Шунчаки, дунё мамлакатларининг айримларида саволларнинг чиқиш ҳолати баландроқ бўлиши мумкин. Айтиш мумкинки, 4 миллион нафар номзод йилига IELTS сертификати учун имтиҳон топшради. IELTS ресурслари чеклангани сабаб дунёнинг 8 минтақасида бўладиган барча имтиҳонлар учун савол тузиб беролмайди.
Шунинг учун, 2023 йилда, масалан, Шимолий Осиё регионида ишлатган саволларни IELTS кейинги йили Ўзбекистонда ҳам ишлатиши мумкин. Шу сабабли, имтиҳон бўйича бутунжаҳон интернет тармоғида тарқалган материалларни биз ҳам ўқув марказимизда ишлатаётган бўлишимиз ва у қачондир имтиҳонда ҳам тушиши мумкин», — дея изоҳлаган эди у.
Унинг тушунтиришича, буни «қандайдир база маълумотлари у минтақадан бунисига алмашиб туриши» дея тушунтириш мумкин. Масалан, номзод имтиҳонга кирганда ўзи ёзган иншо мавзуси ҳақида жараёндан чиқиб хабар ёзади. Интернетда кимдир шу маълумотларни ҳам йиғиб, алоҳида бўлим қилиб қўйган бўлиши мумкин ва шу орқали тайёргарлик кўрадиганлар бор. Эски тушган саволлар имтиҳонда яна тушиши эҳтимоли бор.

British Council ва IDP бунга нима дейди?
Британия кенгаши ўз муносабатида ҳар қандай фирибгарлик айблови ниҳоятда жиддий қабул қилиниши, тестни бузиш ёки ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолат, қаерда содир бўлишидан қатъи назар, текширилишини айтган.
«Агар тестда фирибгарлик содир этилгани ҳақида даъво қилинса, у албатта ўрганиб чиқилади. Бу ҳақиқий тест топширувчилар ва ИЭЛТС натижаларининг ишончлилигига таянувчи 12 000 дан ортиқ ташкилот манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилади». Ташкилот айрим номзодлар томонидан ноқонуний имтиҳон жавобларидан фойдаланиш ҳолатлари учраётганини инкор этмади.
«Сохта IELTS материалларини тарғиб қилаётган ёки сотишга уринган шахслар мунтазам мониторинг орқали аниқланади ва Бритиш Cоунcилънинг глобал хавфсизлик жамоасига юборилади», — дейилади ташкилот хабарида.
Нашриётнинг ёзишича, IDP ҳам айрим шахслар тизимдан ноқонуний ёки шубҳали йўллар билан фойда кўришга уринишини тасдиқлаган. Лекин, бу ҳаракат мамлакатдаги имтиҳон олувчи ташкилот ходимлари томонидан қилинаётгани ҳақидаги таҳминларни кескин қоралаган.

Таъкидланишича, ташкилот фақат имтиҳон ўтказилишига масъуллигини, имтиҳон натижалари Cамбридге Энглиш томонидан текширилади. Топшириқларнинг жавоблари имтиҳон олувчи ходимларнинг қўлигача «етиб келмайди». IDP имтиҳон жараёнларида ноқонуний ҳаракатлар аввал ҳам аниқланганлигини, бироқ, сўнгги ойларда имтиҳон жавоблари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар сони ортганлигини иддао қилган.
«Фирибгарлар одатда яширин фаолият юритади, ўзларини фош этмайди ва пул олингач, улар билан боғланиш имкони йўқолади. Энг ачинарлиси, бундай фирибгарларга ишониб имтиҳон топширган номзодларнинг жавоблари бекор қилиниб, тегишли органларга хабар берилиши оқибатида жиддий муаммоларга дуч келишади. IELTS да керакли натижага эришишнинг ягона йўли — бу меҳнат ва пухта тайёргарликдир.
«Тахмин қилинган саволлар», «тайёрлов материаллари» ёки «жавоблар тўплами» каби номлар остида юқори балларни ваъда қилиб, инсонларни алдаш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Ҳар бир инсон ҳушёр бўлиши ва сохта IELTS натижаларини таклиф қилаётган фирибгарлардан эҳтиёт бўлиши керак», — дея огоҳлантирган IDP.
Эслатиб ўтамиз, IELTS нинг амалдаги қоидаларига мувофиқ, агар қоидабузарлик исботланса, тест натижалари бекор қилинади ва ҳолатга қараб номзод тест топшириш ҳуқуқидан 5 йилгача маҳрум қилинади. Шунингдек, IELTS ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформаларни доимий равишда кузатади. Ноқонуний, рухсатсиз тарқатилган маълумотларни аниқлаб, уларни олиб ташлаш чораларини кўради.
