Дунё технологик ўзгаришлар билан тез суръатлар билан ривожланиб бораётган бир пайтда, меҳнат бозори ҳам тубдан ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда энг оммабоп деб ҳисобланган касблар, келажакда ўз аҳамиятини йўқотиб, ҳали ҳеч ким эшитмаган янги мутахассисликларга йўл очиши мумкин. Келажакда талаб юқори бўлиши кутилаётган баъзи касблар:
1. Квант ҳисоблаш даври киберхавфсизлик мутахассиси
Квант ҳисоблаш даври — бу квант механикасининг принциплари асосида ишлайдиган компьютер технологияларининг ривожланиш даври бўлиб, бу даврда компьютерлар анъанавий ҳисоблаш методларидан фарқ қилади. Рақамлаштириш ҳар бир соҳада тез суръатлар билан ривожланаётган бўлса, киберҳужумлар хавфи ҳам ортиб бормоқда. Квант компьютерларининг ривожланиши билан, анъанавий шифрлаш усуллари хавф остига тушиши мумкин, бу эса маълумотларни ҳимоя қилиш учун янги ёндашувларни талаб қилади. Пост-квант криптографияси мутахассислари бу соҳада етакчи бўлиб, квант ҳисоблаш технологияларидан фойдаланган ҳужумларга қарши ҳимоя алгоритмларини ишлаб чиқадилар. Ушбу мутахассислар математик, криптография, квант физика ва дастурлаш соҳаларида чуқур билимларга эга бўлиши керак.
2. Нейроинтерфейслари дизайнери
Мия ва компьютер ўртасидаги ўзаро алоқани таъминлаш технологиялари (brain-computer interfaces, BCI) тез ривожланмоқда. Яқин ўн йил ичида улар илмий лабораториялардан оммавий бозорга чиқиши кутилмоқда. Бу эса, инсон мияси ва рақамли тизимлар ўртасида самарали ва қулай алоқани таъминлайдиган дизайнерларга эҳтиёжни келтириб чиқаради. Нейроинтерфейслари дизайнерлари тиббий реабилитация, таълим, кўнгилочар соҳаларда ишловчи маҳсулотларни яратадилар. Уларнинг вазифаси нафақат самарадорликни, балки технологияларни ахлоқий, хавфсиз ва махфийлигини таъминлаш бўлади.
3. Метаверсалар архитектураси
Метаверса – бу физик дунё билан бирлаштирилган виртуал оламлар концепцияси аста-секинлик билан ҳақиқатга айланиши кутилмоқда. Виртуал ва қўшилган реаллик технологиялари, шунингдек, 6G тармоғи ёрдамида метаверсалар ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг муҳим қисмига айланади. Метаверса архитекторларининг вазифаси фақат визуал жозибали дунёлар яратиш эмас, балки уларнинг иқтисодиёти, ижтимоий тузилиши, бошқарув тизимлари ва реал дунё билан ўзаро алоқаларини ишлаб чиқишдир. Ушбу касб 3D моделлаштириш, ўйин дизайни, иқтисодий психология ва ижтимоий психология соҳаларида билимларни талаб қилади.
4. Сунъий интеллект ахлоқи бўйича мутахассис
Сунъий интеллект барча соҳаларда тобора кенг тарқалмоқда ва бу билан бирга ахлоқий муаммоларни келтириб чиқаради. Алгоритмларнинг ноҳақлиги, автоматик тизимлар ва инсон ҳаётига таъсир кўрсатадиган қарорлар қабул қилиш каби масалалар юзага келмоқда. Сунъий интеллект ахлоқи мутахассислари, сунъий интеллектнинг масъулиятли ва адолатли ишлатилишини таъминлаш учун принциплар ва механизмларни ишлаб чиқадилар. Улар ахлоқий, ижтимоий ва технологик соҳаларни бирлаштирган мутахассислар бўлиши керак.
5. Экосистемаларни тиклаш бўйича биотехнолог
Иқлим ўзгариши, ифлосланиш ва бошқа антропоген омиллар табиий экосистемаларга жиддий зарар етказмоқда. Келгуси ўн йил ичида биотехнологлар экологик бузилган экосистемаларни тиклаш учун янги ёндошувларни ишлаб чиқадилар. Бу касбда ишловчи мутахассислар генетик модификацияланган микроорганизмлардан фойдаланган ҳолда ифлосланган тупроқни тозалаш, йўқолган турларни қайта тиклаш ва ўрмон ва денгиз экосистемаларини қайта тиклаш каби усулларни қўллайдилар.
6. Таъқсимланган жамоа координатори
COVID-19 пандемияси узоқдан ишлаш моделини тезлаштирди ва бу тенденция келажакда давом этиши кутилмоқда. Анъанавий офис ишини аста-секин ўзгартирадиган ва бутун дунё бўйлаб турли ҳудудларда жойлашган жамоаларни самарали бошқарадиган мутахассислар талаб қилинади. Таъқсимланган жамоалар координатори ўз жамоасини самарали бошқариши, ишни онлайн ва офлайн форматларда ташкил этиши, маданий алоқалар ва руҳий фаровонликни таъминлаши керак. Уларнинг асосий компетенциялари коммуникация, психология, рақамли воситалар ва ташкилотчиликни тушуниш бўлади.
Меҳнат бозорининг келажагини башорат қилиш қийин бўлсада, технологик ва ижтимоий ўзгаришлар мутахассислар учун янги имкониятларни яратади. Улар ҳар бир соҳа учун янги ёндашувларни ишлаб чиқишга, техник билимларни тафаккур билан уйғунлаштиришга ва ўзгарувчан шароитларга тез мослашишга тайёр бўлишлари керак.
