Энди Қозоғистонда ота-онанинг танловига қараб МТТ га пул тўланади

Энди Қозоғистонда ота-онанинг танловига қараб МТТ га пул тўланади

 

2024 йилдан бошлаб Қозоғистон мактабгача таълим тизими ваучерли молиялаштириш механизми асосида давлат буюртмасини жойлаштириш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда.

 

 

Янги тизим Тараз, Туркистон, Шимкент, Ўрал ва Остона шаҳарларида синов тариқасида жорий қилинган бўлиб, ўқув йили охирига қадар бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирилиши режалаштирилган.

 

 

Ваучерли молиялаштириш нима ва у нима учун муҳим?

 

Ваучерли молиялаштириш — бу давлат томонидан мактабгача таълим муассасаларига ажратиладиган маблағлар бевосита бола ортидан юрадиган тизимдир. Яъни, пул мактабгача таълим муассасасига эмас, балки бола қайси боғчага боришини танлаган ота-онанинг танловига қараб ажратилади.

 

 

Ушбу ёндашув орқали бир нечта муҳим муаммолар ҳал этилмоқда:

 

 

Навбатлар қисқармоқда. Масалан, Тараз, Туркистон, Шимкент ва Остона шаҳарларида навбатлар 44%гача камайган.

 

Ота-оналар учун танлов имкони яратилади. Улар фарзандлари учун давлат ёки хусусий боғча танлашда эркин бўладилар.

 

Рағбатлантирувчи рақобат шаклланади. Боғчалар сифатли таълим ва шароит яратишга интилса, ота-оналар айнан шундай муассасаларни танлайди.

 

Энди Қозоғистонда ота-онанинг танловига қараб МТТ га пул тўланади

 

Сифат ва шаффофлик — асосий тамойиллар

 

Қозоғистон Республикаси Маориф вазирлиги маълумотига кўра, 2024 йилда 3 мингдан зиёд мактабгача таълим муассасалари ушбу тизимга жалб қилинган ва 230 минг бола таълимга қамраб олинган.

 

 

Ваучерли тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — молиялаштириш жараёнида тўлиқ шаффофликни таъминлаш. Давлат маблағлари фақат ота-она боланинг давоматини тасдиқлаганидан сўнг тўлаб берилади. Бу — «қўлга пул бериш» ёки «қора рўйхат» каби салбий ҳолатларни бартараф этишга хизмат қилади.

 

 

Маориф вазирлиги Мактабгача таълим департаменти директори Манара Адамованинг таъкидлашича:

«Ваучерли молиялаштириш тизими орқали 3 мингдан ортиқ мактабгача таълим муассасаси қамраб олинган. Ушбу жараён доирасида 230 мингдан зиёд бола мактабгача таълимга эга бўлди. Хусусан, Тараз, Туркистон, Шимкент, Ўрал ва Остона шаҳарларида ушбу тизим жорий этилганидан сўнг навбатлар 44 фоизга қисқарган».

 

Яъни маблағ мактабгача таълим муассасасига эмас, балки бола ортидан юради. Пул маблағлари фақатгина ота-оналар боланинг давомат табелини тасдиқлаганидан сўнг ҳисоблаб чиқарилади ва тегишли муассасага ўтказилади.

 

Энди Қозоғистонда ота-онанинг танловига қараб МТТ га пул тўланади

 

2025 йилдан — тўлиқ масштаблаштириш

 

Жорий йилнинг июнь–июль ойларида Актау, Ақтўбе, Атирау, Қизилўрда ва Алматы шаҳарлари ҳам ушбу тизимга қўшилиши кутилмоқда. 2025 йил охирига қадар эса Қозоғистондаги барча мактабгача таълим муассасалари ваучерли молиялаштиришга тўлиқ ўтади.

 

 

Янги механизм нафақат маъмурий юкламаларни камайтиради, балки «навбат сотиш», «рақам қайтариш» каби адолатсиз амалиётларни ҳам йўққа чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, давлат таълим хизматларининг сифатини ошириш ва барча учун тенг имконият яратишга хизмат қилади.

 

 

Хулоса қилиб айтганда, ваучерли молиялаштириш — бу таълимга янги ёндашув, замонавий, очиқ ва рақобатли тизим яратиш сари ташланган мустаҳкам қадамдир. Бу нафақат ота-оналар, балки бутун таълим тизими учун улкан имкониятларни очади.