100 нафардан ортиқ ўқитувчини аттестациядан ўтказиш учун пул олган мансабдор шахслар қўлга олинди

100 нафардан ортиқ ўқитувчини аттестациядан ўтказиш учун пул олган мансабдор шахслар қўлга олинди

 

Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаби ўқитувчиси мазкур мактаб директори ўринбосарининг топшириғига асосан, касбий сертификат олиш бўйича синовларидан ўтказиб бериш эвазига Чимбой туманида ишловчи ҳамкасбидан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

 

 

Аниқланишича, директор ўринбосари 100 нафардан ортиқ ўқитувчиларни давлат аттестациясидан ўтказиб бериш эвазига ҳар биридан 1000–1500 АҚШ доллари миқдорида пул олиб, бу ҳақида ўзининг шахсий блокнотлари ва қоғозларда акс эттириб келган.

 

 

Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагогларни билим ва малакасини баҳолашни ташкил этиш шўбаси бош методисти ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ўқитувчилардан давлат аттестациясидан ўтказишга ёрдам бериш эвазига йиғилган 10450 АҚШ долларини ихтиёрий равишда топширган.

 

 

Шу билан бирга, ўқитувчиларни шахсий кўрикдан ўтказмасдан, тест жараёнига уяли алоқа воситалари билан киришларига шароит яратиб берган Миллий гвардия ходимининг ҳам ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашганлиги маълум бўлган.

 

 

Аниқланишича, улар пора тариқасида олинган пулларни ўзаро тақсимлашган.

 

 

Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.