Тошкентдаги давлат мактабида пулли синф очилди

Тошкентдаги давлат мактабида пулли синф очилди

 

Мирзо Улуғбек туманидаги 50-мактабда янги очиладиган тўртта 1-синфнинг биттаси пулли қилинаётгани тўғрисида ота-оналар томонидан Kun.uz га мурожаат келиб тушган.

 

 

Таъкидланишича, ушбу мактаб давлат мактаби бўлиб, унга фарзандини бермоқчи бўлган оналар давлат мактабида пулли синфлар очилаётганидан норози.

 

 

«Тижорий синфлар ўтган йили очилган, бу эса иккинчи йили»

 

Мактаб директорини сўзига кўра, бундай синф ўтган йили ҳам очилган. Бунда ўқувчиларга 3 маҳал овқат берилади ва кечгача қўшимча машғулотлар ўтилади. Ойлик тўлов – 2,8 млн сўм. Бутун бошли синфни «тижорий» шаклда ташкил этиш қонунчиликда йўқ.

 

«Бу ахир давлат мактабику, нималар қилишяпти булар? Тажрибали синф раҳбарларининг синфлари пулли бўларкан, тажрибасиз, рейтинги пастлариники эса текин. Бу тоза одам ажратишку, ахир. Нималар бўляпти ўзи? Тўлашга пули йўқларнинг фарзанди яхши синф раҳбарида ўқишга лойиқ эмас экан!» – дейди шахси сир қолишини истаган мурожаатчилардан бири.

Ушбу мактаб Тошкент марказида, метронинг Амир Темур хиёбони бекати олдида жойлашган. Кун.уз мухбири фарзандини мактабга бермоқчи бўлган она сифатида мактаб директори Лазиза Арифхонова билан боғланган.

«Тижорий синфларни очганимизга иккинчи йил кетяпти. Ўтган йили биринчисини очганмиз, бу йил иккинчи йил. Бошқа мактабда директор ўринбосари бўлиб ишлаб келганман, у мактабда ҳам пулли синф бор эди, бу тизим ишлаётганига 4 йил бўляпти. Шу сабаб менда бу биринчиси эмас.

 

[1-синфлар учун] 4 та синф очиляпти, шулардан биттаси – тижорий синф. «Коммерческий» синфларнинг ойига тўлови 2 млн 800 минг сўмдан, 3 маҳал овқати, дарслари, қўшимча машғулотлари, кечгача «кружок»лари билан бирга. Робототехника, чизмачилик, рақс, 2 хил спорт, мастер-класс келади буларга, кейин инглиз тилидан қўшимча дарслар киритганмиз. Ҳозир 2-синфдаги болаларимизга ўзбек тилидан қўшимча дарслар киритганмиз – шунақа қилиб ҳар куни болалар учта-учта машғулотлар билан банд. Бу ихтиёрий»– деди у.

Шунингдек, мактаб директори синфхоналар етишмовчилиги сабабли юқори синфларда пулли тизим қилинмаганини ва бу тизим ҳозирча фақат бошланғичда борлигини қайд этган.

 

Лазиза Арифхонова мактабга қабул қилиш тартибини ҳам тушунтирди

 

«20 июнда мй.мактаб.уз базаси очилади. У базада ўзингизни, кейин фарзандингизни рўйхатдан ўтказасиз, «прописка» бўйича болани мактабга жойлаштиришингиз керак. Кейин август ойида қўшимча квота очилади, худди ўша сайтнинг ўзида асосий квотадан кейин қўшимча квотани танлаб, туманимиз ва 50-мактабни танлаб, навбатга турасиз. Кейин суҳбатга келасизлар. Микроҳудудимиз кичкина, шу сабаб ота-оналаримизда навбатга туришга бемалол имконият бор», – деди у.

 

 

Давлат мактабида пулли синф қилиниши қонунчиликда йўқ

 

Ҳукуматнинг 2019 йил 22 апрель кунидаги 343-сонли қарори билан тасдиқланган низомда умумий ўрта таълим муассасаларида пулли таълим хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланган. Ҳужжатга кўра, қўшимча таълим беришга қаратилган пулли таълим хизматларидан фойдаланиш ихтиёрий.

 

 

Ушбу низомнинг 2-3-4-бандига кўра, мактабларда ташкил этиладиган қўшимча таълим беришга қаратилган пуллик таълим хизматлари мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда буюртмачи деб аталади) ўртасида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади.

 

 

Мактабнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича пуллик таълим хизматлари кўрсатишга қаратилган йўналишлар (аниқ, ижтимоий-гуманитар, табиий фанлар, тўгараклар ва спорт секциялари) қонунчиликка мувофиқ ҳолда ташкил этилади.

 

 

Мактабларда ташкил этиладиган пуллик таълим хизматларига директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларни мажбурий тартибда жалб этилишига йўл қўйилмайди.

 

 

Низомда пулли ёки тижорий синфлар тушунчаси қайд этилмаган. Аммо Конституциянинг 50-моддасига кўра, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Қолаверса, айни модда Ўзбекистон 1994 йилда ратификация қилган «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция»нинг 28-моддасида ҳам акс этган.

 

Давлат мактабига пулли қабулни қонунчиликка киритиш ташаббуси

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилда қабул қилган қарори асосида, 2019/20-ўқув йилида Тошкентдаги 81 та мактабга ихтиёрий ва қисман пулли қабулни ташкил этиш кўзда тутилган эди. Ўша вақтдаги халқ таълими вазири Шерзод Шерматов буни шаҳардаги нуфузли мактабларга микроҳудуддан ташқарида яшайдиган болаларнинг қабул қилинишидаги коррупцияни жиловлаш мақсади билан изоҳлаган эди.

 

 

Бу ташаббус кўплаб танқидларга сабаб бўлгач, янги тартиб бекор қилинган. 81 та талабгир мактабга болани жойлаштиришнинг антикоррупцион чораларининг ижросини таъминлаш йўли топилмагунча, бу мактабларга қабулда ҳозирча пул олинмайди, дея маълум қилганди Шерматов.

 

Тошкентдаги давлат мактабида пулли синф очилди

Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2018-2024 йилларда Ўзбекистонда хусусий мактабларда ўқиётган ўқувчилар сони 8 баробарга ошган. 2018/19 ўқув йилининг бошида 13 769 нафар ўқувчи хусусий мактабга қатнаган бўлса, 2024/25 ўқув йили бошида бу кўрсаткич 112 093 нафарга етган.