Йилнинг энг оммабоп касблари эълон қилинди

Йилнинг энг оммабоп касблари эълон қилинди

2025 йилги ўқув йили якунларига кўра, россиялик мактаб битирувчилари орасида ахборот технологиялари ва тиббиёт йўналишлари энг оммабоп касблар сифатида эътироф этилган. Бу ҳақда «Газета.Ru» нашри хабар берган.

 

 

«Актион Таълим» томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, битирувчиларнинг чорак қисмидан кўпроғи айнан IТ ёки шифокорлик соҳаларида ўқишни режалаштирмоқда. Бу икки йўналиш бўйича ота-оналарнинг жавоблари деярли тенг тақсимланиб, ҳар бири 13,6 фоизни ташкил этади. Учинчи ўринда эса муҳандислик соҳаси жой олган — 9,6% респондент ушбу йўналишни танлаган. Юриспруденция ва бухгалтерия йўналишлари эса 5,6% кўрсаткич билан кейинги поғонани эгаллаган.

 

 

Қайд этилишича, ота-оналарнинг 92,8 фоизи фарзандлари олий таълим муассасаларига киришни режалаштираётганини билдирган. Атиги 5,6 фоизи коллеж ёки техникум каби ўрта махсус таълим муассасаларини танламоқда. Эътиборлиси, фақатгина 1 фоиздан кам ота-оналар фарзандларининг келажакдаги таълим йўналиши борасида ҳали қарор қабул қилмаганини айтган.

 

 

Сўровда қатнашганларнинг 31,2 фоизи фарзандининг болаликдаги орзуси асосида танлов қилинганини айтган бўлса, 23,2 фоизи бу йўналишлар жамиятда энг нуфузли ҳисобланишини билдирган. Яна 14,4 фоиз қарор оилавий анъанага таянилганини, 13,6 фоиз эса танловнинг оммабоплик омилига боғлиқлигини таъкидлаган.

 

«IТ ва тиббиёт йўналишларини танлаш мантиқан асосли. Бугунги кунда бу соҳалар энг истиқболли йўналишлар қаторига киради. Битирувчилар ва уларнинг ота-оналари келажакдаги юқори мартаба, барқарор даромад ва жамиятдаги обрў-эътиборни инобатга олишмоқда. Муҳандислик соҳаси ҳам долзарб ҳисобланади, айниқса юқори технологияли соҳаларда ёки давлатнинг устувор лойиҳалари доирасида,» — дейди «Актион Таълим» эксперти Екатерина Комарова.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, мактаб битирувчиларининг учдан бири касб танлашда ота-онасининг эмас, балки ўзининг истак ва орзуларига таянган ҳолда қарор қабул қилган. Бу ҳолат эса ёшларда мотивация ва онгли ёндашувнинг кучли эканлигидан далолат беради.

 

 

Мазкур сўров натижалари ёшлар орасида касб танлаш борасида изчил ўзгаришлар юз бераётганини ва замонавий тенденциялар билан уйғунлашаётганини кўрсатмоқда.