Тик Ток ва сунъий интеллект – болаларнинг янги психологими?

Тик Ток ва сунъий интеллект – болаларнинг янги психологими?

 

Бугунги кунда Instagram, TikTok ва Х (собиқ Twitter) каби ижтимоий тармоқлар нафақат кўнгилочар платформа, балки руҳий саломатлик ҳақидаги билимлар билан танишиш имконини берувчи манбага айланмоқда. Айниқса, ёшлар ва болалар орасида бу тармоқлардан маълумот олиш ҳолатлари тобора ортиб бормоқда. Бироқ мутахассислар бу жараённинг ортида турли хавфлар ҳам яширин эканлигидан огоҳлантирмоқда.

 

 

Канзас штатидаги бошланғич мактаб маслаҳатчиси Ҳанна Кембелнинг таъкидлашича, баъзи ўқувчилар ижтимоий тармоқларда кўрган видеоларга асосланиб ўзларига ташхис қўймоқда.

 

Менга олтинчи синф ўқувчилари ўзларида безовталик борлигини айтди, аммо бу ташхисни шифокор эмас, TikTok орқали ўзларига қўйишган», – дейди у. Бундай ҳолатлар АҚШ бўйлаб бошқа мактабларда ҳам кузатилмоқда.

 

Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолатлар пандемия оқибатлари, рақамли муҳитдаги назоратнинг етишмаслиги ва медиа саводхонликнинг пастлиги билан боғлиқ. Болалар руҳий саломатлик ҳақида нотўғри маълумотлар асосида қарор чиқариши уларнинг ҳиссий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Тик Ток ва сунъий интеллект – болаларнинг янги психологими?

Ёрдамми ёки хавфми? Ижтимоий тармоқларнинг икки қирралилиги

 

2024 йилги Common Sense Media ҳисоботига кўра, камида ҳар уч нафар ёшлардан бири YouTube ёки TikTok орқали руҳий саломатлик бўйича маълумот излаган. Бундай имкониятлар ёшлар учун билим манбаи бўлиши мумкин, аммо улар билан бир қаторда нотўғри маълумотлар, хавфли маслаҳатлар ва салбий тажриба алмашинуви хавфини ҳам келтириб чиқаради.

 

Ташкилот вакили Жейми Нунез шундай дейди: «Пандемиядан кейин биз ёлғизлик ва изоляция эпидемиясига дуч келдик. Бундай вазиятларда психологлар муҳим роль ўйнайди, бироқ мактабларда психологларнинг етишмаслиги муаммони янада мураккаблаштирмоқда.»

Чатботлар: янги дўстми ёки хатар манбаими?

 

Рақамли воситалар орасида айниқса сунъий интеллект чатботларига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Ўсмирлар чатботлар орқали ўз муаммоларини муҳокама қилишга уринмоқда. Аммо бу ҳам ҳамма вақт ижобий натижа бермайди. Кембриж университети тадқиқотчилари болаларда когнитив кўникмалар ҳали шаклланмаган бир пайтда, чатботлар ва ҳақиқий инсонлар орасидаги фарқни англаш қийин бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

 

Тик Ток ва сунъий интеллект – болаларнинг янги психологими?

 

Шунга қарамай, психолог Ҳанна Кембел сунъий интеллектни эҳтиёткорлик билан, лекин фойдали тарзда қўллаш мумкинлигини таъкидлайди. Унинг айтишича, педагоглар ўзларининг рақамли саводхонлигини ошириши ва ўқувчиларга сунъий интеллект воситаларидан хавфсиз фойдаланишни ўргатиши зарур. Кембел мактабда «SchoolAI» платформаси орқали ўқувчилар учун касбий ва ҳиссий маслаҳатлар берадиган чатботлар яратган. У ишлаб чиққан «Scout the Career Fox» номли чатбот эса ўқувчилар орасида машҳурликка эришган.

 

 

Ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллект воситалари болалар руҳий саломатлиги ҳақида кўпроқ маълумот беришда фойдали бўлиши мумкин. Аммо бу воситаларнинг назоратсиз ишлатилиши нотўғри тушунча, ташхис ва ҳатто хавфли ҳаракатларга олиб келиши эҳтимолини оширади. Энг муҳим жиҳат шундаки, бола ҳар қандай ҳолатда ҳам профессионал, тирик инсон – психолог ёрдами ва раҳбарлигига муҳтож. Ижтимоий тармоқлар психологлар ролини эгаллай олмайди, фақат улар тўлдирувчи восита сифатида ишлатилиши мумкин.